Паркентдаги “Заркент ота” зиёратгоҳида “Тарихдан садо бергувчи обод гўшалар” акцияси ўтказилди

20:24, 18 апрель

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги “Заркент ота” зиёратгоҳида “Тарихдан садо бергувчи обод гўшалар” акцияси ўтказилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши ва “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган акцияда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида миллий қадриятларимизни тиклаш, тарихий қадамжоларни ободонлаштириш ва реконструкция қилиш, туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 сентябрдаги “2013-2015 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.

– Анъанавий ўтказиб келинаётган “Ёшлар ва туризм” викторинаси ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш, туризм соҳасига қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши раиси Маҳмуд Назаров. – Бугунги тадбирга ана шу викторина доирасида ўтказилган танлов ғолиблари жалб қилинди. Вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар “Заркент ота” зиёратгоҳида бўлди, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига ҳисса қўшди. Гул ва манзарали дарахт кўчатлари экди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!