Эркак ва аёл мияси ўртасидаги фарқ аниқланди

11:02, 19 апрель

Суррей Университети биологлари миянинг уйқу ва бедорликка жавоб берувчи циркад маромининг бузилиши эркаклардан кўра, кўпроқ аёл миясига кучли таъсир қилишини, натижада меҳнат самарадорлигининг тушиб кетишини аниқлашди, деб хабар беради “Мail.ru” нашри.  

Бу асосан тунгги навбатчиликда қолувчи ҳамширалар, қўриқлаш ва полиция хизмати ходимларига тегишли. Тадқиқот натижалари ҳақида Proceedings of the National Academy of Sciences журналида мақола чоп этилди.   

Тадқиқотда 16 нафар эркак ва 18 нафар аёл иштирок этган. Улар табиий ёруғлик ва қоронғилик тушмайдиган хоналарга жойлаштирилган. Натижада миядаги уйқу ва бедорлик циклида ўзгаришлар пайдо бўлган. Бедорликнинг ҳар уч соатида иштирокчилар берилган вазифаларни бажариб, ўзларининг аҳволи ҳақида – уйқусизлиги, кайфияти, бирор ҳаракат учун сарфлаган кучи ҳақида ҳисобот ёзишган. Уларнинг диққати, моторикаси ва хотираси текшириб борилган. Иштирокчилар уйқуга кетган пайтда тадқиқотчилар уларнинг мия фаолиятини электроэнцефалограмма ёрдамида ёзиб олишган.  

Натижалар суткалик циклнинг ўзгариши эркаклардан кўра, аёлларнинг миясига кучли таъсир қилишини кўрсатди. Олимларнинг фикрича, эркак ва аёл мия фаолиятининг ўртасидаги фарқ ҳар икки жинс вакили миясининг субъектив ва объектив кўрсаткичларини кенг миқёсда ўрганиш, нейробиологик илмий тадқиқотлар ўтказиш учун асос бўла олади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!