Тошкент ҳайвонот боғида нотўғри овқатлантирилган лама нобуд бўлди

12:09, 19 апрель

Тошкент ҳайвонот боғида ламанинг нобуд бўлгани ҳақида хабар берилди. Ҳайвонот боғи маъмурияти яна бир бор ҳайвонларни ўзбошимчалик билан овқатлантирмасликни сўраб, мурожаат этди. Бу ҳақда “Gazeta.uz” хабар бермоқда

Яқинда ҳайвонот боғида лама нобуд бўлди. ламанинг ошқозони ва ичакларида полиэтилен, пластмасса идишлар қопқоқлари ва бошқа еб бўлмайдиган буюмлар топилган.

“Ҳайвонот боғида жониворни овқатлантиришни истасангиз, илтимос, жуда ширин, аммо соғлиққа зарар келтирувчи бирор нарсани сўраётган болаларни эсланг. Шунингдек, фарзандингиз ютиб юбориб, тиқилиб қолмаслиги учун қанд ва печенье ўралган қоғозни астойдил очишингизни эсга олинг. Фақатгина ўз ниятингиз эмас, бизнинг жониворларимиз ҳақида ҳам ўйлаб кўринг!», — дейилади ҳайвонот боғининг Facebook’даги расмий саҳифасида чоп этилган мурожаатда.

Путра лақабли филча яшайдиган майдончага кимдир хавфли устарани ташлаб кетган. Уни ўз вақтида ҳайвонот боғи ишчилари пайқагани сабаб, ўз вақтида хавфнинг олди олинди.

Шалпангқулоқ эчкининг вольерида атир қопқоғи топилган. Таъкидланишича, эчки уни чайнашга уринган, аммо ишчилар бунга йўл қўймаган. Ўтган йили эса Аврал лақабли бегемот ўсмир томонидан оғзига ташланган пластик идишни ютиб юборганди. Вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли у омон қолганди. Бундан ташқари, баёнотда туяқушларга ҳам пластик идиш ва карам ўзаги ташлангани эсга олинди.

“Ҳайвонларга емиш бермаслик, уларни чалкаштирмаслик, уларга турли предметларни ташламаслик борасидаги илтимос ва огоҳлантиришларга қарамай, одамлар ўзларини масъулиятсизларча тутиб, қоидаларни бузишда давом этмоқда. Бундай ташрифчиларнинг айби билан ҳайвонот боғида жайронлар, туялар, ламалар, туяқушлар ва бошқа жониворлар нобуд бўлди”, — дейилади мурожаатда.

Жониворларга попкорн, музқаймоқ, чипслар, ширин момиқ ва бошқа ширинликлар таклиф этиш қатъиян ман қилинади. Озиқ-овқат қўшимчалари — ароматизаторлар, озиқ бўёқлари уларда аллергик реакция келтириб чиқариши мумкин. Бу, ўз навбатида, жониворларнинг сурункали хасталикларга йўлиқишига замин яратади.

“Ҳурматли меҳмонлар, илтимос, ишонинг, ҳайвонот боғида жониворлар оч қолмайди. Бизнинг жониворларимиз махсус ишлаб чиқилган овқатланиш рационлари бўйича барча зарурий емиш билан керакли миқдорда таъминланади. Жониворлага емиш берманг, уларнинг соғлиғини ва ҳаётини асраб қолинг!”, — деб хулоса қилди боғ вакиллари.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!