Бухорода Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига старт берилди

09:13, 20 апрель

Бухоро вилоятида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. 

2016 йилда умумий қиймати 20,6 миллиард долларлик 38 инвестиция лойиҳасини бажариш режалаштирилган. Бухоро вилоятида жойлашган Қандим газконденсат конлари гуруҳини ўзлаштиришдаги асосий ишлаб чиқариш объекти ҳисобланган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси улардан биридир. 

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси Россиянинг «ЛУКОЙЛ» нефть компанияси билан ҳамкорликда “Қандим-Ҳавзак-Шоди-Қўнғирот” маҳсулотини тақсимлаш тўғрисидаги битим доирасида Қандим газконденсат конлари гуруҳини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширмоқда. Ушбу гуруҳга Қандим, Қувачи-Олот, Оққум, Парсанкўл, Хўжа ва Ғарбий Хўжа каби олтита газконденсат кони киради. 

Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси таркибига йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга завод, шунингдек, 114 қазиш қудуғи, 11 махсус майдон ва 4 йиғув пунктини ўз ичига олган табиий газни тўплаш тизими киради. Бундан ташқари, 370 километр газ қувури, 160 километр автомобиль йўли қуриш режалаштирилган. Мажмуа ва инфратузилма объектларини барпо этишга 7 мингга яқин киши жалб этилади. 

«ЛУКОЙЛ» компанияси президенти Вагит Алекперовнинг маълум қилишича, бу компаниямизнинг Ўзбекистондаги энг йирик инвестиция лойиҳасидир. Ускуналар етказиб бериш, газни қайта ишлаш мажмуасини қуриш ва Қандим конлар гуруҳини жиҳозлаш бўйича шартнома қиймати 2,7 миллиард долларни ташкил этади. Дастлабки босқичда ушбу лойиҳага йўналтириладиган жами инвестиция ҳажми 3,3 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда. Бу ерга энг яхши мутахассислар ва замонавий технологиялар жалб этилади, ишлаб чиқариш хавфсизлиги, меҳнат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир барча стандартларга риоя этилади. 

Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг барпо этилиши Ўзбекистон газ конларини ўзлаштиришни янги босқичга кўтаради. Марказий Осиёдаги йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири бўлган ушбу заводда 2 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилади. 
 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!