«Ўзэкспомарказ»да халқаро тиббиёт кўргазмалари очилди

10:28, 20 апрель

«Ўзэкспомарказ»да “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2016”, “Фармацевтика саноати – AptekaExpo Central Asia 2016” ҳамда “Стоматология – Stomatology Uzbekistan 2016” халқаро кўргазмалари очилди. 

Улар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, «Ўзфармсаноат» акциядорлик концерни, «Ўзтибтехника» масъулияти чекланган жамияти, Стоматологлар уюшмаси ва “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Кўргазмаларда 17 мамлакатнинг 200 зиёд компанияси иштирок этаётир. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Хитой, Корея Республикаси, Россия, Туркия, Украина, Чехия, Швейцария, Беларусь ва бошқа мамлакатлардан келган етакчи ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда. 

Экспозициялардан турли замонавий тиббий технологиялар, ультратовуш, рентген аппаратлари, физиотерапевтик ва кардиологик жиҳозлар, стоматология, имплантология ва жарроҳлик асбоб-анжомлари, диагностика ва лаборатория жиҳозлари, дезинфекция, санитария-гигиена ва реабилитация воситалари, тренажёрлар, ортопедик маҳсулотлар, тиббий мебеллар, дори-дармонлар, дорихоналар учун ускуналар, шифобахш пардоз воситалари ва бошқа маҳсулотлар ўрин олган.

Кўргазма доирасида радиология соҳасидаги янги технологиялар, ўпка касалликларини ташхислаш ва даволашнинг янгича усулларига оид семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!