Зиёда фарзанд тарбиясида ўзи ўйлаб топган усуллар ҳақида гапирди

11:06, 20 апрель

У санъатни ва оиласини бир маромда олиб боришга ҳаракат қиладиган ва бунинг уддасидан чиқаётган машҳурлардан. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда билан бугунги учрашувимизда унинг оиласидаги анъаналар, фарзанди тарбиясида қўллайдиган усуллари ҳақида сўз юритамиз. 

“Тўрт ойлигида гапиришни бошлаган”

Ўғлимнинг тили тўрт ойлигида чиққан. “Ойи” деб тили чиқишини истаган бўлсам ҳам кичкинагина бўла туриб “Дада” деганида  шундай севинганманки асти қўяверасиз. Ўғлим билан тоза ҳавода сайрга чиққанимизда у билан худди катта одамдек гаплашиб, гуллар, осмон, умуман атроф-муҳит билан таништирардим. Гўдаклигидан гулларни жуда яхши кўради. Чиройли, ранг-баранг гулларни кўрса кўзлари катта-катта бўлиб севиниб, “гул, гул” деб питирлашни бошлайди.

“Дадамга мехрибон бўлинг...”

Ўғлимнинг менга айтган ҳар бир гапига эътиборли бўлишга ҳаракат қиламан. Чунки у жуда ақлли, худди катталардек фикрлайди. Айниқса, куни кеча менга айтган гапи бир умр  ёдимда қолса керак. Ўз-ўзидан “Ойижон, сиз жуда ҳам меҳрибонсиз” деди. Кўнглим тўлиб, хурсанд бўлдим. “Раҳмат болам. Сенга меҳрибон бўлмай, яна кимга меҳримни берардим” десам, “Дадамга меҳрибон бўлинг” дейди. Тўғриси, 3 яшар болам менга бундай гапни айтишини кутмагандим, довдираб қолганимдан “хўп хўп” дея олдим холос. 

“Ширинлик мумкин эмас”

Бола ўзи истаган нарсани қилавермаслиги керак деб ҳисоблайман. Ўғлим Комронга кўп нарсаларни тақиқлайман. Улардан биринчиси бу — ширинликлар. Умуман олганда болага 4 ёшгача ширинлик бермаслик керак. Чунки, ширинликка ўрганган болани кейин бундан қайтариш қийин. Ҳаддан ташқари кўп ширинлик ейиш эса  боланинг соғлиғи учун зарар. Ўғлим кўпроқ конфет, шоколад еб қўйса иситмаси чиқади ёки аллергияси қўзийди. Иложи борича камроқ ширинлик беришга ҳаракат қиламан-у, аммо эркалаб сўраганда ўзимни тутолмай, кўнглим бўшаб кетади. Бундан ташқари  ўғлим сўнгги пайтларда телефон ўйинларига боғланиб қоляпти. Қўлимда телефон кўриб қолса ўйин қўйиб бер деб хархаша қилади. Техника унинг учун зарар эканини билганим учун ҳам иложи борича чеклашга ҳаракат қиламан. 

“Инжиқлик қилса, мен ҳам инжиқланаман”

Кичкинтойим баъзида ўзини айтганини қилдириш учун ҳаддан ташқари инжиқ бўлиб қолади. Кўнглига қараганим сари эркаланаверади. Шунинг учун баъзида урушиб ҳам қўяман. Унинг инжиқликларига мен ҳам ўзидай жавоб қайтараман. Мисол учун йиғласа, худди ўзидай йиғлайман. Ерга ётиб олса, мен ҳам ётиб йиғлайвераман. Хуллас, нима қилса, қайтараётганимни кўриб, кулиб юборади. Кейин нима учун йиғлаётгани ҳам эсидан чиқиб қолади. Комроннинг хархашасини ўзим ўйлаб топган шу  усул билан тўхтатадиган бўлганман (кулади). 

“Ваъдамни бажара олмаяпман”

Фаолиятим сабаб ўғлим олдида кўпинча хижолат бўлиб қоламан. Яъни тўй-ҳашамга кетиш пайтимизни яхши билиб олган. “Ойижон, мени ташлаб кетиб қолманг! Бирга ўйнаймиз” деганида “Хўп-хўп” деб чалғитиб,  билинтирмай уйдан чиқиб кетамиз. Ана шундай ҳолда уни алдаганимдан, кетмайман, деб ваъда бериб бажармаганимдан хафа бўламан... 

“Менинг болам бошқача”

Ҳар бир боланинг ҳаракатларида ўзига хос ноодатий жиҳатларини кузатиш мумкин. Нокамтарликка йўйманг-у, бироқ Комроним бошқаларнинг боласидан бироз бошқача-да. Маҳалладаги болалар билан, уйга келган меҳмон болалар билан ўйнаганда ҳам уни кузатиб тураман, ёшига нисбатан ақлли гапларни айтади. Дунёқараши бошқача. Агар кимдир унга ёқмайдиган иш қилса, худди катта одамдек нотўғри иш қилганини тушунтириб, ундай қилмаслик кераклигига ўргатиб ўтиради. Баъзида, наҳотки шу мени болам деб ўйланиб қоламан. 

“Биринчи ўринда - одоб”

Назаримда бола тарбиясида биринчи ўринда одоб туради. Мен ҳам ўғлим гапга тушуна бошлагандан унга одобли бўлишни ўргатганман. Катталарни кўрганда салом бериш, дастурхонга ўтирганда айтиладиган сўзлар, овқат еб бўлиб фотиҳа  қилиш кабилардан бошланган тарбия келажагига катта таъсир кўрсатади деб ҳисоблайман. Бундан ташқари кўзлаган мақсадига эришиш учун осон йўлни кўзламаслик керак деб ўйлайман. Масалан, ота-онам менга ҳам ҳамма нарсани истаганимда муҳайё қилишмаган. Аввал улар айтган ишни қилиб, яхши ўқишга, айтилган вазифаларни вақтида бажаришга ҳаракат қилардим. Кейин мени айтганим бўларди. Мен ҳам худди шундай тарбия усулида ўғлимга тарбия беряпман.

“Бў-бў”дан  қўрқмайдиган бўлган”

Менимча ҳар бир онада болани “қўрқитиш” йўллари бор. Мен ҳам Комронга “ана деворни орқасида “бўбў” турибти, ҳозир келиб қолади” дердим. Аммо бу усул эскирганга ўхшайди. Яқинда “Комрон тўполон қилма, ҳо-о-озир “бўбў” келади” десам, Жим турди-да, “Ойи кўзингизни юминг шкафни ичида “бўбў” бор дейди. Болам энди мени “қўрқитяпти”. 

“Жавоби йўқ, савол бор...”

Машҳур ҳамкасбларимдан бирининг интервьюсини ўқиганимда унинг “Фарзандимни болалигини кўролмаганимдан дилим оғрийди, шундан қаттиқ сиқиламан” деган гапи эътиборимни тортди.  Назаримда, бу ҳар бир санъаткор ота-онани қийнайдиган масала бўлса керак. Вақти келиб, ўғлим “Ойи, нега мен билан кам вақт ўтказгансиз?” деса нима деб жавоб беришни билмайман. Биз ота-оналар, оилам, болаларимни келажаги, ишимиз деб югуриб юриб баъзида фарзандлар билан ўйин ўйнашга ҳам вақт тополмай қоламиз. Бу бизнинг оғриқли нуқтамиз. Ўйлайманки, ўғлим катта бўлганда дадаси ва мени тушунади. Юқоридаги ўкинч, афсус бизда ҳам бўлмаслиги учун бугун иложи борича ўғлимиз билан кўпроқ вақт бирга ўтказиб, ҳатто баъзида ўзимиз билан олиб юришга ҳам ҳаракат қиламиз. 

Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!