Ҳиллари Клинтон: Оқила сиёсатчи, вафодор рафиқа, меҳрибон она

13:03, 20 апрель

АҚШда жорий йилнинг 8 ноябрь куни бўлиб ўтиши кутилаётган президент сайлови арафасида номзодлар ўртасидаги кураш тобора кескин тус олаётир. Айни пайтда мазкур сайловда Демократлар партиясидан ўз номзодини илгари сурган Ҳиллари Клинтоннинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда. 
 

Қатъиятли, қизиққон, идрокли...

Ҳиллари Клинтон номи жаҳон аҳлига дастлаб АҚШнинг биринчи хоними сифатида танилган бўлса, кейинчалик у давлат котиби сифатида ҳам жаҳон сиёсати саҳнасида етарлича ўрин тутиб келди. Жорий йилдаги сайлов натижасидан қатъи назар Ҳиллари хоним Америка сиёсатининг машҳур вакилларидан бири бўлиб қолиши шубҳасиз. Зотан у айни пайтга қадар сиёсий нуқтаи назардан катта тажриба ва обрў-эътибор тўплаб улгурган. 

Ҳиллари хоним (қизлик исм-фамилияси Дайан Родэм)  1947 йил 26 октябрь куни Чикагода таваллуд топган. Унинг отаси  Хью Эллсуорт Родэм кичик тадбиркор, онаси  Дороти Эмма Родэм уй бекаси эди. Ҳиллари болалигидан ўта қатъиятли, қизиққон, идрокли қизалоқ сифатида атрофдагиларнинг эътиборини тортарди. У баскетбол ва сузишга жуда қизиқар, бу борада қатор мусобақаларда муваффақиятли иштирок этганди. 

1965 мактабни аъло баҳоларга битирган Ҳиллари дастлаб Уэллсли коллежида, кейин Йэлл университетида таҳсил олди. Талабалик пайтидан сиёсатга қизиқиб, ёш республикачилар ташкилотига раҳбарлик қилди.  1973 йилда ҳуқуқ доктори даражасини қўлга киритган Ҳиллари Болаларни  ҳимоя қилиш жамғармасида ишлай бошлади.  Бироқ, кўп ўтмай у ўзининг бўлажак турмуш ўртоғи Билл Клинтон билан танишиб қолгач, ҳуқуқ соҳасидаги фаолиятига нуқта қўйилди. Унинг ҳаёти шу тариқа сиёсат билан чамбарчас боғланди. 

Садоқатли рафиқа, меҳрибон она...

Билл ва Ҳиллари ўртасидаги самимий муносабатлар 1975 йилда никоҳ риштаси билан янада мустаҳкамланди. Шу тариқа Ҳиллари эри билан бирга сиёсат уммонига жиддий шўнғиб кетишди. Айтиш жоизки, Билл Клинтоннинг Америка катта сиёсатига киришига ҳам Ҳиллари хонимнинг ҳиссаси катта. Хотинининг ёрдами билан Билл Клинтон 1976 йилда Арканзас штати прокурори, 1978 йилда эса, губернатор даражасига кўтарилди. 

Ҳиллари Клинтоннинг ўзи эса, худди шу йили Юридик хизматлар корпорацияси бошқарувининг аъзоси этиб сайланди. Кейинги 12 йил давомида Ҳиллари хоним Арканзас штати ҳудудида болалар ҳимояси, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида фаол иштирок этиб келди. 

Ҳиллари хоним ўз оиласига садоқатли аёл, ақлли уй бекаси, меҳрибон она сифатида омма эътиборини қозониб келмоқда. Уларнинг ягона қизи  Челси 1980 йилда туғилган. Стэнфорд университетини битирган Челси кейинчалик отаси ташкил этган хайрия фондига ишга кирди. У 2010 йилда банкир Марк Мевзински билан турмуш қурган. Айни пайтда Хиллари ва Билл Клинтоннинг Шарлотта исмли набиралари бор.

АҚШнинг биринчи хоними

1992 йилги президент сайловида Билл Клинтоннинг ғалабаси туфайли Ҳиллари хоним АҚШнинг биринчи хонимига айланди.  Эрининг илтимосига кўра, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш қўмитасини бошқара бошлаган Ҳиллари Клинтон республикачиларнинг кескин танқидидан сўнгра бу лавозимдан воз кечишга мажбур бўлди. 

Шундан сўнг яна у ўзини болалар ва аёллар ҳимоясига бағишлади. Шу билан бирга дунёда чакана савдо бўйича йирик ретейлер-компания саналган Wal-Martнинг бош бошқарувчиси этиб тайинланди. Шу тариқа у молиявий жиҳатдан эридан мустақил бўлиб олди. 1993 йилда унинг йиллик даромади 250 минг долларни ташкил этди. Бу эрининг йиллик маошидан анча кўп эди. 

2000 йилда у  Нью-Йорк штати сенатори этиб сайланган, бу эса, келгусида шахсан ўзи президент сайловида иштирок этиши учун шароит яратарди. 

Оила бошида қора булутлар

1998 йилда йилда 49 ёшли президент Билл Клинтон ва 22 ёшли Оқ Уй хизматчиси Моника Левински ўртасидаги ишқий  можаролар бутун дунё миқёсидаги шов-шувга айланди.

Бу борада Америкада ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам ёзмаган нашрнинг ўзи қолмади. Билл Клинтон гарчи Оқ Уйда ўтган матбуот анжуманида Левински билан ҳеч қандай муносабатда бўлмаганини таъкидласа-да, суд-тиббиёт экспертлари президентнинг зарарига хулоса чиқаришди. Конгрес эса, ёлғон маълумот бергани учун Клинтонга нисбатан импичмент эълон қилди. 

Кўпчилик бу машмаша нафақат Клинтоннинг сиёсий мавқеига соя солиши, балки унинг оиласига ҳам жиддий зарба бўлишини кутганди. Кўпчилик ўйлаганидек, АҚШнинг биринчи хоними эрининг хиёнати ҳақидаги гап-сўзларни босиқлик билан қабул қилди. Бу шов-шувлар эрини обрўсизлантириш учун унинг рақиблари тўқиган фитна тузоғи эканини тушунди. Бу Клинтон хонимнинг нафақат сиёсатда, балки оилавий муносабатларда ҳам узоқни ўйлаб, идрок ва мулоҳаза билан иш тутишини кўрсатади.

“Курси” учун кураш

Мамлакат  конституциясига кўра, президентликка АҚШ ҳудудида туғилган, 35 ёшдан ошган,  камида 14 йил шу ерда яшаган Америка фуқаролари ўз номзодини қўйиш ҳуқуқига эга бўладилар. Мамлакатнинг амалдаги раҳбари Барака Обама айни пайтга қадар икки марта ўз номзодини қўйгани сабабли бу галги сайловда қатнаша олмайди.

Бу сайловда Демократлар партиясида Ҳиллари Клинтон билан бирга  Вермонт штати сенатори Берни Сандерс номзоди илгари сурилган. Республикачилар партиясидан ҳозирча уч нафар номзод - Огайо губернатори Жон Кейсик, техаслик сенатор Тед Круз, миллиардер, “Трамп Организайшн” корпорацияси раҳбари Дональд Трамп сайловолди кампаниясида иштирок этмоқда.  Мамлакат сиёсий ҳаётида “учинчи кучлар” деб ном олган  бошқа сиёсий партиялар ва муқобил сайловчилар гуруҳларидан етти нафар номзод мамлакатдаги энг юксак курси учун кураш олиб боради.

Клинтон хоним 2008 йилдаги сайловда ҳам иштирок этиш истагини билдирган бўлса-да, оилавий сабабларга кўра, дастлабки босқичдаёқ бу курашдан  воз кечган ва Барак Обамани қўллаб-қувватлашини билдирган. Барак Обама инаугирация маросимидан сўнг Ҳиллари Клинтонга давлат департаменти бошқарувини топширди. Ҳиллари хоним 2013 йилнинг 1 февралига қадар бу вазифани, айтиш мумкинки муваффақиятли бажариб келди. 

Бундан роппа-роса бир йил муқаддам Ҳиллари Клинтон 2016 йилги президент сайловида Демократлар партиясидан ўз номзодини илгари суришини расман маълум қилди. Президент сайловининг дастлабки босқичи партия вакиллари иштирокида ўтказиладиган праймериз натижаларига кўра, Ҳиллари Клинтон йигирмадан ортиқ штатда ўз тарафдорларининг мадади билан ғалаба қозонди ва айни пайтда партиядаги асосий рақиби Берни Сандерсдан олдинда бормоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!