Екатерина Хилько Рио-де-Жанейрода ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олди

16:02, 20 апрель

Тажрибали спортчимиз Екатерина Хилько Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган трамполин бўйича XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи мусобақада муваффақиятли иштирок этди.

Е.Хилько мусобақанинг саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, кучли саккизликдан жой олди ва Олимпиада йўлланмасига эга бўлди. 

Мазкур Олимпия ўйинлари спортчимиз фаолиятидаги бешинчиси бўлади. У 2000 йили Сидней, 2004 йили Афина, 2008 йили Пекин ва 2012 йили Лондон Олимпиадаларида иштирок этган. Пекин Олимпиадасида бронза медаль билан тақдирланган.

Яқинда спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган лицензион мусобақада тажрибали спортчиларимиз Антон Фокин ва Оксана Чусовитина ҳам муносиб иштирок этиб, Олимпиада йўлланмаларига сазовор бўлган эди.

Айни пайтда спортчиларимиз XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларининг 66 йўлланмасига эга. Олимпиячиларимиз бокс бўйича 11, енгил атлетикада 8, байдарка ва каноэда эшкак эшиш ва оғир атлетикада 5 тадан, таэквондо (WTF) ва спорт курашлари бўйича 3 тадан, сузиш ва спорт гимнастикасидан 2 тадан, стол тенниси ва трамполин бўйича 1 тадан йўлланмани қўлга киритган.

Паралимпиячиларимизда енгил атлетика бўйича 10, дзюдодан 8, сузишдан 5, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича 1 тадан йўлланма бор.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!