Пластик жарроҳликка 700 минг доллар сарфлаган аёл косметолог бўлишга қарор қилди

11:24, 21 апрель

Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида яшовчи аёл ўз ташқи кўринишини ўзгартириш учун пластик жарроҳлик амалиётига 700 минг доллар сарфлади. У косметик муолажаларга ружу қўйгани сабаб, ўзи мустақил равишда уларни ўтказишга рухсат олди. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар бермоқда.

55 ёшли Сара Берж ўз уйидан алоҳида хона ажратиб, уни пластик жарроҳлик амалиёти ва муолажаларни ўтказиш учун жиҳозлади. 

Сара шу вақтга қадар 150 дан ортиқ пластик жарроҳлик операцияларини бошдан кечирган. У махсус курсларда ўқиб, косметик муолажаларни ўтказиш ҳуқуқини берувчи лицензияни қўлга киритди.

Уч фарзанднинг онаси Сара Бержга ботокс муолажасини қилиш, укол ёрдамида бурун, яноқ ва лаблар шаклини ўзгартириш ҳуқуқи берилди.

Британиялик аёлнинг айтишича, у зўравонлик қурбони бўлган аёлларга зарурий ёрдамни кўрсатиш учун керакли билим ва кўникмаларга эга бўлган.

Саранинг ўзи ҳам безорилар ҳужумига учраганидан сўнг пластик жарроҳлик амалиётига мурожаат қилган.

У ўз ташқи кўринишини мукаммаллаштиришдан тўхтамаслигини билдирди. 

“Пластик жарроҳлик амалиётлари менга ўзим истаган ташқи кўринишга эга бўлишимга кўмаклашди. Энди бошқаларга ҳам бундай имкониятни тақдим этмоқчиман”,—дейди Сара.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!