Украинада 2014 йил 1 январдан кейин суратга олинган Россия фильмлари намойиши тақиқланди

11:49, 21 апрель

Украина президенти Пётр Порошенко 2014 йил 1 январдан кейин Россия кино ижодкорлари томонидан суратга олинган фильмларни намойиш қилишни тақиқлаш ҳақидаги фармонга имзо чекди, деб хабар берди “Тass.ru” нашри.

Украина парламенти 29 мартда тасдиқлаган қонун лойиҳасига биноан Россия кино ижодкорлари томонидан суратга олинган бадиий фильмлар, телесериаллар, телекўрсатув ва теледастурлар намойиши тақиқланди. Ҳужжатга илова қилинган хатда “Украина миллий хавфсизлигини назарда тутган ҳолда, уни турли ахборотлардан ҳимоя қилиш мақсадида” қонун чиқарилгани кўрсатиб ўтилган. 

2015 йилнинг декабрь ойида Украина маданият вазирлиги мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган 83 нафар россиялик ва жаҳонга машҳур маданият арбобларининг исми шарифини эълон қилди. Бу рўйхатга режиссёрлар Карен Шахназаров ва Павел Лунгин, актёрлар Василий Лановой, Валентин Гафт, Олег Табаковлар киритилган. “Қора рўйхат”дан ташқари, “оқ рўйхат” ҳам мавжуд бўлиб, унга Украинани қўллаб-қувватловчи маданият ходимлари – Андрей Макаревич, Лия Ахеджакова, Арнольд Шварценеггер, Жорж Клуни ва бошқалар киритилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!