Террорчи Норвегия давлатини судга берди

14:41, 21 апрель

77 нафар одамни ўлдирганликда айбланган норвегиялик террорчи Андерс Брейвик қамоқхонадаги шаротдан норози бўлиб, Осло судига мурожаат қилди, деб хабар берди “Еeuronews” нашри. 

У беш йилдан бери камерада ёлғиз сақланаётганидан, бошқа маҳбусларнинг фикрини бузмаслик, янги терактларни амалга ошириш ғоясини тарғиб қилишнинг олдини олиш мақсадида мулоқот қилиш тақиқланганлигидан норози бўлган. Суд унинг талабини қондириб, ҳақиқаттан ҳам Андерс Брейвикни бундай шароитда сақлашни инсон ҳуқуқларини поймол қилиш деб ҳисоблади.  

“Биз суд ҳукмидан ҳайратга тушдик, судда даъвогарнинг талабидан норозилигимизни билдирдик ва бу ҳолатни асослаб бердик”, – деди ҳукумат вакили Мариус Эмберланд.

Андерс Брейвикнинг адвокати Ойстен Сторвик шундай деди: “Мен бу ҳолатни изоҳлашни истамайман. Аммо даъвомизнинг қониқтирилмаган қисми бўйича яна судга мурожаат қиламиз”. 

Энди Норвегия ҳукумати Брейвикка кўрсатилган юридик хизмат учун 330 минг крон тўлайди. 

“Норвегияда ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир шахс ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишга ҳақли, ҳукм чиқариш эса судга ҳавола. Ҳукумат вакиллари ва қамоқхона раҳбариятининг вазифаси эса суд ҳукмини бажаришдир”, – деб фикр билдирди Норвегия бош вазири Эрна Солберг.

2011 йилнинг июль ойида Андерс Брейвик Ослодаги ҳукумат вакиллари яшайдиган мавзеда автомобилни портлатган, оқибатда 8 киши ҳалок бўлган. Кейин шаҳар ташқарисидаги лагерда дам олаётган 69 нафар социалист-фаол ёшларни ўққа тутган. Брейвик ўзининг бу ҳатти-ҳаракатини Норвегия ҳукуматининг миграцион сиёсатига қаршилиги билан асослаган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!