Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 12 миллиондан ошди

16:59, 21 апрель

Пойтахтимизда «ADWEEK.UZ» маркетинг ва реклама ҳафталиги доирасида онлайн-маркетинг масалаларига бағишланган «USENET 2016» халқаро конференцияси бўлиб ўтди. 

“UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий қилиш маркази ҳамда «Ledokol Group» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Озарбайжондан телекоммуникация ва реклама соҳаси экспертлари иштирок этди. 

Интернет тезкор ахборот олиш, етказиш ва унга ишлов бериш манбаи ҳисобланади. Шу боис ундан фойдаланувчилар сони тобора кўпайиб бормоқда. Айни пайтда мамлакатимизда ушбу тармоқдан фойдаланувчилар 12 миллион, мобиль алоқа абонентлари эса 22 миллион кишидан ошди. 

«Ledokol Group» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Музаффаровнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда реклама берувчилар бюджетининг катта қисми телевидение ҳиссасига тўғри келмоқда. Статистика маълумотларига қараганда, сўнгги вақтда интернет-реклама ва телевидение орқали реклама учун бюджет ўртасидаги тафовут камайиб бораётир. Интернет-реклама учун сарфланаётган бюджет ҳажми бўйича телекоммуникация компаниялари етакчилик қилмоқда. Уларнинг реклама бозоридаги улуши 50 фоиз, фармацевтика компаниялари улуши эса 25 фоизни ташкил қилади. 

Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчиларнинг аксарияти ёшлардир. Шу боис онлайн-реклама янада барқарор ривожланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!