Темир йўл станцияларидан ташилган юк ҳажми 100 минг тоннага ортди

09:23, 22 апрель

Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти фаолиятининг 2016 йил биринчи чорак якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида Самарқанд – Бухоро темир йўл участкасининг электрлаштирилишини таъминлаш, Қарши – Термиз участкасини электрлаштириш ишларини давом эттириш, Қамчиқ довони орқали ўтадиган 19 километрлик туннель қурилишини якунига етказиш ва Ангрен – Поп йўналиши бўйича темир йўл қатновини йўлга қўйиш лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган эди.

Жорий йилнинг 27 февралида Қамчиқ довони орқали ўтадиган 19 километрлик туннелда бурғулаш, ковлаш ишлари тўлиқ тугалланган. Ҳозир сўнгги пардозлаш ва пўлат изларни ётқизиш, электрлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Темир йўл станцияларидан ташилган юк ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100 минг тоннага ортган. 4,9 миллион йўловчига хизмат кўрсатилган. Экспорт хизматлари ҳажми 81,4 миллион долларни ташкил этган. 85,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, жумладан, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 12,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Темир йўлларни реабилитация қилиш, локомотивларни қайта тиклаш, юк вагонларининг хизмат муддатини узайтириш ишлари амалга оширилган.

Тадбирда тармоқда янги иш ўринларини яратиш, хусусан, коллеж ва олий ўқув юртлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!