“Kids’ English” дарслигининг тўртта авлоди тажрибадан муваффақиятли ўтди

10:27, 22 апрель

Миллий матбуот марказида халқ таълими тизимида чет тилларни ўқитишни такомиллаштиришга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимиздаги 8 минг 543 умумтаълим мактабида инглиз тили фани ўқитилади. 2015-2016 ўқув йили учун 1-синф ўқувчиларига мўлжалланган 641 минг нусха инглиз тили, 26 мингдан зиёд немис тили, 20 минг нусха француз тили дарслиги, машқ дафтарлари чоп этилди. 42 нафар энг яхши инглиз тили ўқитувчиси Буюк Британиянинг нуфузли университетларида малака оширди. 

2016-2017 ўқув йили учун тайёрланган “Kids’ English 4”, “Deutsch mit Spaβ 4”, “Hirondelle 4” дарсликлари тажриба-тадқиқот мактабларида синовдан ўтказилди. Айни пайтда мазкур қўлланмалар билан самарали ишлаш методикасини фан ўқитувчиларига етказишга алоҳида эътибор қаратилаётир. 

Матбуот анжуманида 4-синф ўқувчилари учун яратилган “Kids’ English 4” ўқув дарслигининг тақдимоти ҳам ўтказилди. 

– Бошланғич синфлар учун мўлжалланган “Kids’ English” дарслигининг тўртта авлоди ҳам тажрибадан муваффақиятли ўтди, – дейди “Kids’ English 4” дарслиги муаллифи Лутфулла Жўраев. – Мазкур дарсликнинг афзаллиги, у ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналар учун мўлжалланган, ўқув қўлланма билан бирга машқ ва уйга вазифалар дафтари ҳам яратилган. 

Йиғилиш иштирокчилари пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 90-умумтаълим мактабида бўлиб, у ерда чет тили фанларининг ўқитилиши, энг сўнгги педагогик технологиялар билан танишди. “Kids’ English 4” китоби асосида ўтилаётган дарсларни кузатишди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!