Қўшиқчи Принс вафот этди

11:41, 22 апрель

Сўнгги маълумотларга кўра, воқеа жойига етиб келган ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари қўшиқчи Принсни беҳуш ҳолда топишган. Улар Принсга тиббий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилишган, аммо кўрилган чора-тадбирларга қарамай, у вафот этган, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.  

Қўшиқчининг уйи жойлашган Карвер округи шерифининг маълумот беришича, унинг ходимлари телефон қўнғироғига асосан Миннеаполисдан унчалик узоқда жойлашмаган Принснинг уйига етиб келишган. Улар ҳушсиз ётган Принсга ёрдам бериш мақсадида сунъий нафас олдиришга ҳаракат қилишган. Аммо бунинг фойдаси бўлмаган, орадан 30 дақиқа ўтгач, Принс вафот этди.

Хабарларга кўра, Принс грипп билан оғриган, 15 апрелда соғлиги ёмонлашгани туфайли унинг самолёти Американинг Иллинойс штатига мажбурий қўнишни амалга оширган. Қўшиқчи касалхонага ётқизилган, аммо эртасигаёқ концерт бериши кераклиги сабабли касалхонадан чиқиб кетган.

Ҳозир Принс яшаган уй атрофига унинг ижодини ҳурмат қилган юзлаб мухлислари тўпланган. Ижтимоий тармоқларда Голливуднинг машҳур актёрлари ва бошқа машҳур юлдузлар унинг яқинларига таъзия изҳор қилишди. 

АҚШ президенти Барак Обама ҳам “Санъаткорлардан ҳали ҳеч ким Принсчалик маданиятимизга катта ҳисса қўшиб, мухлислар қалбини забт этмаган. У замонамизнинг энг истеъдодли ва қобилиятли мусиқачиси эди”, деб таъкидлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!