Модель plus-size беш йил мобайнида 108 килограммга озди

17:14, 22 апрель

Модель plus-size Рози Меркадо жуда семириб кетганди. Оғирлиги 185 килограммга етганда, у озишга қарор қилди. Беш йил мобайнида Рози 108 килограммга озди ва ҳали яна озиш ниятида, деб хабар қилади “Сosmo.ru” нашри. 

Розининг ўзи бирдан эмас, аста-секинлик билан озмоқда. У турли парҳезлар билан соғлигини йўқотишдан қўрқади. 

“Вазним 185 килограммга етганида кўплаб ноқулайликларга дуч кела бошладим. Машинага сиғмасдим, болаларим билан кинога бора олмасдим. Ўзимни муҳаббат ва бахтга нолойиқ инсон деб ҳисоблай бошладим”, деб эслайди Рози US Weekly нашрига берган интервьюсида. У ўзининг ҳаддан ташқари семизлигини билса-да, парҳез тутишга иродаси етмаган. 2011 йилда кутилмаганда унинг ҳаёти ўзгариб кетади. Ўғлида марказий фалажлик касаллиги аниқланди, эри эса уларни ташлаб кетди. Бундай стрессдан кейин Рози турли бургерлар, картошка фрисига ружу қўяди ва қисқа вақт ичида 185 килограмм вазнга эга бўлади.   

Уч боланинг онаси бўлмиш Рози бирор ҳаракатни амалга ошира олмайдиган даражага етди. Мода агентлиги у билан шартномани бекор қилди, болаларига қараш ҳам унга катта қийинчилик туғдира бошлади. Унинг бесўнақай қадди-қомати турли ҳазил-мазахларга сабаб бўла бошлади. Аэропортдаги воқеа унинг сабр косасини тўлдирди. Самолётга чипта олаётганда авиакомпания ходими битта ўриндиққа сиғмаслигини важ қилиб, иккита чипта олишга мажбур қилди. Рози бундай ҳақоратларга чидай олмай, озишга қарор қилди.

Розининг парҳези беш йилга чўзилди, аммо шунга қарамай, у 108 килограммга озишга муваффақ бўлди.

“Мен фитнес, югуриш ва пиёда юриш билан шуғулланиш орқали 50 килограммга оздим. Ошқозонимни кичрайтириш учун ўтказилган жарроҳликдан кейин яна 50 килограмм вазним камайди. Ҳафтасига 6 маротаба спорт билан шуғулланаман ҳамда кунига 15 минг қадам пиёда юраман”, дейди Рози озиш сирлари билан ўртоқлашиб.

Мода агентлиги Рози билан яна шартнома тузди. У ҳамма нарсадан кўра болалари билан бирга эканлигидан, улар билан шуғуллана олиши мумкинлигидан жудаям мамнун эканлигини билдирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!