ФВВ: Энг ривожланган давлатлар ҳам зилзилани 100 фоиз олдиндан айтиб бера олмайди

12:02, 23 апрель

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институтида мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги БМТнинг Тараққиёт дастури кўмагида ташкил этган тадбирда Фанлар академияси Сейсмология институти, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва бошқа кўплаб идоралар мутахассислари қатнашди. 

Бугун Тошкент юзлаб саноат объектлари, қудратли транспорт-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмага эга улкан шаҳардир. 

Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Арипов энг ривожланган давлатлар ҳам ер силкинишини 100 фоиз олдиндан айтиб бера олмаслигини таъкидлади. Шу боис, табиий тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар рўй берганда тезкор ҳаракат қилиш ва аҳолини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш зарур. Хусусан, мустақиллик йилларида мактаб бинолари ва бошқа ижтимоий объектлар сейсмик хавфсизлигини таъминлашга доир махсус дастурлар ҳаётга татбиқ этилди. Авария ҳолатидаги қарийб 700 мактаб капитал реконструкция қилинди ёки янгитдан барпо этилди. 

Тадбирда Ўзбекистон сейсмологлари жаҳон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Айни пайтда мамлакатимиз олим ва мутахассислари зилзила таъсирида айрим биноларнинг вайрон бўлиш сабабларини юмшатишга қаратилган янги лойиҳалаштириш ва қурилиш концепциялари ҳамда техник ечимлар ишлаб чиқмоқда. 

Семинар-тренинг доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари журналистларга фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилишга шайлигини намойиш қилди, Зилзилани симуляция қилиш марказига экскурсия уюштирилди, қутқарувчилар инвентарь ва махсус техникалар кўргазмасини ташкил қилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!