Давлат органларининг 614 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди

16:06, 25 апрель

Адлия вазирлигида 2016 йил I чорак якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ҳисобот даврида қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш йўналишида бир қатор эътиборга лойиқ тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, 29 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 10 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилди. 1.222 та қонун ҳужжати лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. 61 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатига олинди.

Ўрганишларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича вазирлик ва идораларга 1.784 та тақдимномалар киритилиб, давлат органларининг 614 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди.

Судларга киритилган 20,6 млрд. сўмдан ортиқ қийматдаги даъво аризалари қаноатлантирилди.

Шикоятларнинг ижобий ҳал этилиши натижасида 680 та фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланиб, уларда 1.717 та иш ўринлари яратилди.

Айтиш лозимки, тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилиши натижасида бундай салбий ҳолатлар кескин камайди. Қуйидаги рақамлар фикримизни тасдиқлайди.

Ноқонуний текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 91 фоизга, текширишлар тартибини бузиш эса 58 фоизга камайди.

Суд департаменти органлари томонидан қарийб 3 трлн. сўмдан ортиқ қийматдаги ижро хужжатларининг ижроси тамомланиб, мажбурий ижро харакататлари натижасида амалда 2 трлн. 536 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ундирилди.

Давлатимиз раҳбари ва Ҳукумат топшириқлари ижросини таъминлашда ҳам адлия органлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойихаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Махкамасига киритилди.

Умуман, қонун ижодкорлиги, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик, шартномавий-ҳуқуқий ишлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, юридик таълим ҳамда халқаро-хуқуқий муносабатлар йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилган.

Ҳайъат мажлисида қилинган ишлар билан бир қаторда кўпроқ эътибор тизимдаги айрим муассасалар фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликларга қаратилди.

Хусусан, ижро интизоми, ўтказилаётган тадбирлар мониторинги, мурожаатларни кўриб чиқишдаги камчиликлар аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди. Улар юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланди.

Аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик алоҳида таъкидланди. Бунда ҳар бир тармоқ раҳбарлари ва масъул ходимларнинг фаоллигини ошириш, масъулиятини кучайтириш зарурлигига урғу берилди.

Муҳокама этилган барча масалалар бўйича йиғилишининг тегишли қарори қабул қилинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!