Ҳозирнинг ўзида сизни бахтли қилиши мумкин бўлган 8 одат

16:22, 25 апрель

Зерикишни, кўнгил ғашликни бартараф этадиган умумий қоидалар.

Бахтли инсонга айланиш, бир қараганда жуда қийин иш эмасдек туюлади. Бунинг учун баъзи нарсаларга нисбатан қарашларингизни ўзгартирсангиз, бошқаларнинг фикрига эътибор бермасангиз, кўнглингиз майлига қулоқ тутсангиз, бас! Буларни бажаришни ўрганиш учун ҳар куни қуйидаги қоидаларга амал қилинг, дейди “Еlle.ru” нашри. 

Тонгни хушкайфиятда қаршиланг

Ҳар куни ишга боришни ўйлаб, аранг уйғонгандан кўра, эртароқ туриб, тонгни яхши кайфиятда қаршилашга ҳаракат қилинг. Олимлар аллақачон табиат гўзалликларига маҳлиё бўлиш инсон руҳиятини тинчлантириб, позитив куч-қувват беришини исботлашган. Бундан ташқари, айнан шу пайтда кундалик режаларингизни тузиб олишингиз, кейин уни кун давомида хотиржам амалга оширишингиз мумкин.

Шу ерда ҳозир бўлишга ўрганинг

Ҳар куни эртага сизни нима кутаётгани, бир неча йилдан кейин қаерда бўлишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлашни бас қилинг. Ҳар бир лаҳзадан лаззатланашини ўрганинг. Бу нарса ҳаётингизни батамом бошқа томондан кузатишни ўргатади ва илгари эътибор бермаган нарсаларингиз диққатингизни жалб этади. Анчадан бери кўришни орзу қилган фильмингизни томоша қилиш учун ёлғиз кинога боринг. Бошқалар нима дер экан деган фикрни унутиб, бодроқ сотиб олганча, мазза қилиб фильм томоша қилинг!

Бугунги ишни эртага қўйманг

Ниҳоясига етказилмаган иш инсон руҳиятига ёмон таъсир қилади. Чунки вақт ўтган сари у сизни безовта қилади. Шунинг учун бугун бажаришингиз мумкин бўлган ишни эртага қолдирманг. Ишонинг, ташқаридан қарагандагина бу ишлар мураккаб бўлиб туюлади. Ахир бекорга кўз қўрқоқ, қўл ботир дейилмайди. Ортиқча зўрланишсиз, гап-сўзсиз чала ишни тугатишга ҳаракат қилинг. Ишни тугатгандан кейин куч-қувватга тўлганингизни, ўзингиздан фахрланиш туйғуси пайдо бўлганини ҳис қиласиз.   

Кўпроқ ўқинг

Бахтли ҳаёт остонасига қадам қўйиш насиб этмаётганини ҳис қилсангиз, ёқимли ҳис-туйғулар оламига саёҳатни амалга оширинг. Келажакка ундовчи, бахтли якун топувчи бирор асарни мутолаа қилишга киришинг, аммо йиғлоқи асарларни ўқишдан қочинг. Ўқиган асарингиздан илҳомланиб, келажак сари шахдам қадам ташланг.

Кундалик тутинг

Агар миянгизга ўрнашиб қолган негатив фикрни ҳайдашни истасангиз, ҳис-туйғуларингизни қоғозга тўкинг. Бу билан нафақат миянгизни бемаъни хаёллардан фориғ қиласиз, балки муаммони ҳал қилишнинг тўғри йўлини ҳам топишингиз мумкин. Ахир қоғознинг тили йўқ, у дугонангиз каби сизга бўлар-бўлмас саволларни бермайди, нима ёзсангиз, жимгина қабул қилиб, ичига ютади.

Бор овозда қўшиқ айтинг

Севган хонандангизнинг қўшиғини бор овозда куйлашга нима етсин? Бунинг учун албатта унинг концертига ёки караоке-барга боришингиз шарт эмас. Инсон берилиб қўшиқ айтса, ичидаги бор дарди қўшиқ билан бирга чиқиб кетади ва енгил тортади.

Тўйиб ухланг

Буни қатъий иш тартибида бажариш мушкул, аммо ҳафтада бир марта бўлса ҳам соат бонги билан уйғонмасдан, тўйиб ухлашга ҳаракат қилинг. Уйғонгандан кейин тўшакда 20 дақиқадан кўп ётманг, бўлмаса ўзингизни оғир ҳис қилишингиз мумкин.

Ҳали кўрмаган жойларингизга боришга ҳаракат қилинг

Балки узоқ ўлкаларга, денгиз саёҳатларига боришга вақтингиз ҳам имкониятингиз ҳам йўқдир, бундан ташвиш торманг. Ўзингиз яшаётган шаҳарнинг ҳамма жойига бормаганлигингиз тайин. Она шаҳрингиз бўйлаб, тоза ҳавода икки соат пиёда юриш ҳам сизга бир олам қувонч бағишлайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 17:39, 25 апрель
Juda qiziqarli ...Raxmat