Президент Ислом Каримов Москвага келди

23:30, 25 апрель

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 25 апрель куни расмий ташриф билан Москвага келди.

Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган “Внуково-2” аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Тантанали кутиб олиш маросимидан кейин Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

Шу куни Ислом Каримов билан Владимир Путиннинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 26 апрелга белгиланган.

Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Россия ҳамкорлиги ривожининг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик айрим муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.

Аввал хабар қилинганидек, музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон билан Россиянинг турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!