Германия элчиси Наманганга ташриф буюрди

09:43, 26 апрель

25-29 апрель кунлари Германиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси, жаноб Найтҳарт Ҳёфер-Виссингнинг Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида бўлди. 

25 апрель куни жаноб элчи Наманган вилоятидаги бир қатор таълим ва тиббиёт муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюрди. Хусусан Наманган давлат университетида бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишди, немис тилини ўрганаётган талабалар билан мулоқотда бўлди, уларнинг билим ва салоҳиятига юксак баҳо берди. 

Шундан сўнг жаноб элчи Наманган шаҳридаги “ZZZ” кўз касалликлари клникасида бўлиб, бу ердаги имкониятлар билан танишди. Клиника раҳбари Зафаржон Абдураҳимовнинг айтишича, бу ерда катаракта, глаукома каби кўз касалликлари замонавий усулда даволанмоқда. Бу тиббиёт масканида германиялик мутахассислар билан тажриба алмашув ҳам йўлга қўйилган. Жаноб Виссинг суҳбат асносида клиника мутахассисларининг Германияда бориб малака ошириб қайтишлари учун кўмаклашишини билдирди. 

Наманган кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ҳам кейинги йилларда қайта таъмирланиб, замонавий масканлардан бирига айланди. Германиянинг KfW банки кўмагида марказга салкам 790 млн сўмлик замонавий тиббиёт асбоб-ускунулари келтириб ўрнатилди. Найҳарт Ҳёфер-Виссинг тиббиёт марказдаги шароитлар билан танишиб, мамлакатимизга оналар ва болалар саломатлигига юксак даражада эътибор берилаётганини таъкидлади. 

Шунингдек, Германиянинг юртимиздаги элчиси вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири – “НЕСТЛЕ-Ўзбекистон” компаниясининг Намангандаги корхонаси иш фаолияти билан ҳам танишди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!