Бугун Чернобиль фожиасига 30 йил тўлди

10:25, 26 апрель

Бундан роппа-роса 30 йил илгари Чернобиль АЭСда ҳалокат юз берган эди. Дунёдаги энг катта техноген ҳалокатнинг оқибатини бартараф этиш учун юз минглаб ҳарбийлар ва кўнгиллилар иштирок этган эди, дейди “Vesti.ru” нашри. Бу ерга ёрдамга шошилган одамларнинг кўпчилигига орқага қайтиш насиб этмади. Чунки улар катта миқдорда радиация олганликлари туфайли ҳалок бўлган. Маълумотларга кўра, ҳатто уларнинг қабрларидан ҳам кучли радиация нурлари таралиб турган.    

1986 йилнинг 26 апрель куни кечқурун воқеа жойига тиббиёт ходимлари етиб келган. Улар нурланган инсонларни қабул қила бошлашган. Ёш йигитлар минг бир қийноқларда жон берган. Ҳали мамлакат аҳолиси нима воқеа рўй берганини англаб етмаган эди. Собиқ иттифоқнинг турли бурчакларидан Чернобилга ёрдамга шошилган атомчи мутахассисларнинг ўзлари ҳам ҳалокат оқибатларини қандай бартараф этишни  билишмасди. 

Орадан 30 йил ўтгач, бу воқеалар ақл бовар қилмасдай туюлади. Ҳалокатнинг баъзи бир иштирокчилари катта миқдорда нурланган бўлса-да, тирик қолишган. 300 000 ҳарбий аскар ва яна шунча кўнгиллилар ҳалокатни бартараф этиш учун курашишган. Реакторнинг ажал келтирувчи қисмларини қўлда йиғиштиришган, заҳарланган асфальт ўрнига янгисини ётқизишган, ҳимоя саркофагини қуришган. Уни қайта қуришга ярим йил вақт кетган бўлса-да, Чернобиль ҳамон умуминсоний ҳалокат макони бўлиб қолмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!