“Сени ўзим бой қиламан”: Абдували Ражабовнинг кинода ушалган орзуси

12:23, 26 апрель

25 апрель куни Алишер Навоий номли киносаройида режиссёр Санжар Шодиевнинг “Сени ўзим бой қиламан” фильми тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот маросимида ОАВ вакиллари, санъаткорлар ва томошабинлар иштирок этди. 

Санжар Шодиевнинг мазкур картинаси шоу-бизнес олами, санъаткорларнинг ички дунёси ва мазкур соҳада бўладиган ўйинлар, ғирромликлар, санъаткорларга хос “юлдузлик касали” ҳақида ҳикоя қилади. Фильмда бош ролларни Жавоҳир Зокиров, хонандалар Абдували Ражабов ва Равшан Собиров, Зарина Низомиддинова, Адиз Ражабов, Санжар Шодиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Исмоиловалар ижро этган.

Кўплаб санъаткорларга ҳомийлик қилган продюсер Бекзод(Жавоҳир Зокиров) машҳур хонандалардан бири Олчинбек(Равшан Собиров) билан ҳамкорлик қилади. Олчинбек эса машҳурликнинг “юкини” кўтара олмайди. Зиёфатда ҳамманинг олдида ўз продюсерини мулзам қилади. Унга қарата: “Сиз мени эмас, мен сизни одам қилдим”, дейди. Бундан Бекзод ака қаттиқ ранжийди ва шу ернинг ўзидаёқ Олчинбек билан хайрлашиб, у билан бошқа ишламаслигини айтади. Олчинбек эса продюсерга ундек санъаткорлар бир неча йилда бир марта туғилиши ва ўзидан ўтадиган санъаткор йўқлигини таъкидлайди. 

Даврон(Абдували Ражабов) кафе ва барларда қўшиқ айтиб пул топади. У болаликдаги дўсти Собир(Санжар Шодиев) билан доим бирга юради. Бекзод кунлардан бир куни Давронни қўшиқ куйлаётганини эшитиб қолади ва Собирга ўз ташриф қоғозини қолдиради. Шундай қилиб, Бекзод Даврон билан ҳамкорлик бошлайди. 

Давроннинг ишлари юришганидан юришади. Ҳамма мукофотлар, шону-шуҳрат уники бўла бошлайди. Бироқ, унинг биргина оғриқли нуқтаси бор... У ҳам бўлса, Давроннинг онаси оғир касал бўлиб қолади. Уни ёлғиз боши билан катта қилган онаси ўғлининг яхши кунларини кўра олмайди...

Фильмда Равшан Собиров ва Абдували Ражабов ижросидаги бироз унитилган, аммо ҳамон севимли “Нега”, “Ёмғирлар”, “Бевафо ёр” каби хит қўшиқлар янграйди. Томошабинлар фильм намойишидан сўнг Равшан Собировнинг актёрлик қобилиятини яна бир бор эътироф этган бўлса, ажаб эмас. Сабаби, Равшан Собиров картинадаги юлдузлик касалига чалинган хонанда образини маҳорат билан гавдалантирган.

Хонанда Абдували Ражабовнинг ижросида эса бироз сунъийлик сезилди. Хусусан, овоз ёзиш студиясида продюсер ва хонанда ўртасидаги танбеҳлар тўла диалог саҳнасида Давроннинг юз ифодаси мутлақо ўзгармаганини кўриш мумкин. 

Фильмда Зарина Низомиддинова Лайло исмли ёш актриса образини гавдалантирган. Фильмда Даврон ва Лайлонинг ўзаро муносабатлари тўла очиб берилмаган. Улар бир марта кўришиб, бирдан севишган жуфтликка айланиб қолди. Даврон қачон Лайлонинг қалбини забт этди-ю, қачон улар бир-бирини севиб, муносабатлари бошлангани томошабинга тушунарсизлигича қолди....

Фильмдаги яна бир саҳна томошабинларга эриш туюлгандай назаримизда. Машҳур продюсер Даврон у билан боғланишини сўраб, Собирга ўз ташриф қоғозини қолдиради. Собир Давронни зўр иштиёқ билан Бекзоднинг олдига олиб боради. Бекзод эса Даврон билан ёлғиз гаплашиш истагини билдиради. Собирнинг бундан жаҳли чиқади. Даврон Бекзоднинг хонасидан чиққач, Собирга продюсернинг таклифига рози бўлганини айтади. Собир бундан қаттиқ хафа бўлади. Ваҳоланки, унинг дўстига омад кулиб боқди. Таниқли продюсер Даврон билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирди. Чин дўст дўстининг омадидан фақат хурсанд бўлади. Кинода эса бундай бўлмади, Собир продюсернинг таклифини қабул қилган Даврондан қаттиқ ранжиди. 

Фильмдаги эътиборимизни тортга яна бир саҳна Азиза Бегматова ва у тенгқур маҳалла аёллари бўлди. Бугунги информацион технологиялар, хусусан интернет жадал билан ривожланаётган даврда уларни мобил ускуналардан фойдаланишлари ва шу орқали барча дунё воқеаларидан хабардор бўлишлари, бундан ташқари, “Барса” ва “Реал” футбол жамоалари ўйинларини муҳокама қилишлари каби саҳналар томошабинларни кайфиятини кўтарди ва қарсаклар билан қарши олинди.

Фильмда айрим саҳналар ортиқчадек, назаримизда. Масалан, Собирнинг жияни билан боғлиқ саҳналар.  Хонанда бўлишга қизиқувчи боланинг гитара чалиб, қўшиқ айтиш саҳналари билан режиссёр нима демоқчи бўлгани, тушунарсиз...

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!