Тошкентда медиа кунлар бошланди

13:28, 26 апрель

25 апрелдан 11 майгача пойтахтимизда Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган медиа кунлар бўлиб ўтмоқда. 

Тадбир Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, К.Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

Тадбирда Соғлом она ва бола йилига бағишланган семинарлар, ижтимоий лойиҳалар тақдимотлари, халқаро ва миллий экспертлар, нодавлат теле ва радиокомпаниялар ходимлари иштирокида давра суҳбатлари, маҳорат сабоқлари, турли фестиваль ҳамда танловлар ўтказилади. 

“ОАВ ижтимоий мулоқот, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг муҳим воситаси сифатида” мавзуида ўтказиладиган халқаро конференция муҳим тадбирлардан биридир. 

Конференциянинг шўъба йиғилишларида фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқини таъминлаш, ҳокимият ва бошқарув органларининг қабул қилинадиган қарорлар учун масъулиятини ошириш, давлат органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган ижтимоий медиа-контентни шакллантиришда ОАВни рағбатлантириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилади. Шўъбалар иши якунида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга доир таклифлар ишлаб чиқилади. 

Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси нодавлат телерадиостанцияларнинг рақамли кўрсатув ва эшиттиришларга ўтиши бўйича лойиҳани тақдим этади. Шунингдек, «Журналистлар баҳори» фестивали ҳам бўлиб ўтади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!