I чоракда 677 интеллектуал мулк объекти рўйхатдан ўтказилди

15:50, 26 апрель

Миллий матбуот марказида Халқаро интеллектуал мулк куни ва Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи кунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

2016 йил биринчи чорагида агентлик томонидан интеллектуал мулк объектларига 2 мингга яқин талабнома қабул қилинди. Улар бўйича  экспертиза ўтказилиб, давлат реестрларида 677 интеллектуал мулк объекти  рўйхатдан ўтказилган. Ҳисобот даврида патент ҳужжатлари давлат фондига юз мингдан зиёд ҳужжат келиб тушган.  

Қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида агентлик тегишли ташкилотлар билан тузилган ишчи гуруҳлари ҳамкорлигида аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, савдо комплекслари ва шохобчаларда контрафакт фонограмма ва аудиовизуал маҳсулотлар савдоси амалга оширилишининг олдини олиш бўйича мониторинг олиб бормоқда. 

Жорий йилнинг ўтган даврида интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда ўтказилган  мониторингларда 244 қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатларга оид  маълумотлар қонуний чора кўрилиши учун тегишли ташкилотларга юборилган.

Анжуманда соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш, контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!