АҚШда қалбаки доридан 12 киши вафот этди

10:47, 27 апрель

АҚШнинг Калифорния штатидаги Сакраменто шаҳрида 12 киши оғриқни қолдирувчи дори истеъмолидан вафот этди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. Март ойининг охиригача машҳур Norco ниқоби остида сотилган оғриқни қолдирувчи дорилардан заҳарланган одамлар сони 52 тага етди. Бу таблеткалар таркибида кучли афюнли анальгетик фентанил моддаси бўлган.

Маълумотларга кўра, қалбаки дорилар Сан-Франциско шаҳридан ҳам топилган. Бу ерда клиникада даволанаётган 7 нафар бемор оғриқ қолдириш учун айнан шу дорини ичган. Улар заҳарланганига қарамай, беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлинган.

Гиёҳвандликка қарши кураш бошқармаси агенти Кейси Реттигнинг айтишича, ҳар икки шаҳарда воқеа бир пайтда рўй берганига қараганда, дори айнан бир жойда ишлаб чиқарилган. Америкада фентанилнинг суиистеъмол қилиниши катта муаммолардан бири бўлиб келмоқда. Мамлакатнинг шарқий қирғоқларида гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланувчилар гиёҳвандлик моддасини тежаш мақсадида унга фентанил моддасини қўшиб сотишади. Фентанил Хитойда ишлаб чиқарилади, кейин Мексикага юборилади, у ердан чегара орқали Америкага етиб келади.

Фентанил – синтетик модда бўлиб, кучли таъсир қилувчи гиёҳванд модда ҳисобланади. Ундан тиббиётда оғриқ қолдирувчи дори сифатида фойдаланилади. Дори беморга тайинланганда, врач назорати остида қабул қилинади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!