Ўзбекистон Президентининг Россияга расмий ташрифи якунига етди

11:12, 27 апрель

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 25-26 апрель кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. 

25 апрель куни Ислом Каримов ва Владимир Путиннинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Президентларнинг самимий ва сермазмун суҳбати узоқ давом этди. Томонлар Ўзбекистон – Россия муносабатлари, жаҳоннинг турли минтақаларида содир бўлаётган воқеалар хусусида атрофлича фикр алмашдилар. 

Ташрифнинг асосий тадбирлари 26 апрель куни Кремлда бўлиб ўтди. Ислом Каримов ва Владимир Путиннинг учрашувида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, ҳарбий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. 

Ислом Каримов ушбу ташриф ўзаро алоқалар ривожига янги суръат бағишлашини, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳар томонлама фикр алмашиш учун қулай имконият эканини алоҳида таъкидлади. 

Владимир Путин Ўзбекистон Россиянинг стратегик ҳамкори ва ишончли иттифоқчиси эканини, бу муносабатлар янада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этди. 
Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Афғонистон муаммоси, терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. 

Учрашувда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизнинг ташкилот ишини янада фаоллаштириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Владимир Путин Ўзбекистон томонидан ШҲТнинг июнь ойида Тошкентда бўладиган саммити муҳокамасига киритилиши мўлжалланаётган ташаббусларни Россия томони қўллаб-қувватлашини қайд этди. 

Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдо шериклари орасида иккинчи ўринда туради. Ўзбекистон Россияга транспорт воситалари, пахта толаси, трикотаж, мева-сабзавотлар, қора ва рангли металлар, турли хизматлар экспорт қилади. 
Музокарада мамлакатимизда етиштирилган мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтиришга келишиб олинди. 

Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга доир масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали тўла фойдаланилмаётган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаат келтириши таъкидланди. 

Томонлар маданият, илм-фан, таълим, спорт ва туризм соҳалари бўйича ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. 

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида маданий-гуманитар, ташқи сиёсат, олий таълим, жисмоний тарбия ва спорт каби қатор соҳаларда ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди. 

Ислом Каримов ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар очиқ ва ўзаро ишонч руҳида ўтганини, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилганини таъкидладилар. Бу ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш имконини берди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан томонларнинг позицияси бир хиллиги ёки яқинлиги қайд этилди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Россияга расмий ташрифи якунига етди. Олий даражадаги мулоқотларнинг узвий давоми бўлган ушбу музокараларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ва истиқболлари белгилаб олинди. Бу Ўзбекистон ва Россия халқлари манфаатларига хизмат қилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!