Ўзбек футболи фидойиси Виталий Суюнов вафот этди

13:47, 27 апрель

23 апрель куни ўзбек футболи фидоийларидан бири Виталий Суюнов 79 ёшида вафот этди, деб хабар қилади ЎФФ расмий сайти.

Виталий Суюнов “Пахтакор” жамоаси сафидаги фаолиятини 1960 йилда бошлаган ва саккиз мавсум давомида ушбу жамоада асосий ҳимоячилардан бири сифатида кўплаб ўйинларда майдонга тушган. Биргина чемпионат доирасида у “Пахтакор” таркибида икки юздан ортиқ ўйинда иштирок этган. Шунингдек, мамлакат кубоги ва кўплаб халқаро мусобақаларда қатнашган.

Футболчилик фаолиятини якунлагач, Виталий Суюнов мураббий сифатида иш бошлади. У бошқарган илк клуб “Пахтаорол” эди (1969). 30 йилдан ортиқроқ давом этган мураббийлик фаолияти давомида у Ўзбекистоннинг кўплаб жамоаларида иш олиб борди. Мамлакатнинг турли ёшдаги терма жамоалари илан ҳам ишлади. Бироқ унинг фаолиятидаги энг ёрқин давр сифатида “Пахтакор” сафида ўйнаган йиллари ёдга олинади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!