Ҳосила Раҳимованинг концерти тўйга айланиб кетди

16:42, 27 апрель

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова “Истиқлол” санъат саройида 23-26 апрель кунлари “Элимдан айланай!” деб номланган яккахон концерт дастурини тақдим этди. 

“Darakchi.uz” жамоаси 26 апрель куни концертда меҳмон бўлди. 

Концерт юқори савияда ташкил этилган дейиш мумкин. Ундаги ҳар бир саҳна кўриниши, қўшиқ ва рақслардан миллийлик, Сурхон элининг урф-одатлари, анъаналари ва содда, жайдари одамларнинг ҳаёт тарзи уфуриб турди. Концерт уч блокдан иборат бўлди. Унда хонанда янги, ҳали ҳеч қаерда янграмаган тароналарни ижро этди. Ҳосила Раҳимованинг либослари, саҳна имижи ҳам яхши танланган. Концертда хонанданинг куёви, хонанда Баҳриддин Зуҳриддинов ҳам иштирок этди. Қайнона Ҳосила Раҳимова Баҳриддинни куёвим деб эмас, “Тобора ёшларнинг севимли санъаткорига айланиб бораётган хонанда Баҳриддин Зуҳриддинов” дея саҳнага чорлади. Баҳриддин қайнонасини концерт дастури билан табриклаб, унга гул ҳадя этди. Улар ижросидаги янги дуэт томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. 

Иккинчи блок якунида қизиқчи Аваз Охуннинг хазилларига томошабинлар мириқиб кулди. Ҳосила Раҳимова концерт сўнгида мухлсилардан қайси қўшиқни ижро этишни сўради. Мухлислар “Опа”, “Ўтов”, “Қамчи бос” ва “Кураш” каби тароналарни сўради. Талабларга биноан, мазкур қўшиқлар бирин-кетин ижро этилди. Опа-сингиллар ҳақидаги маҳзун қўшиқ “Опа” янграганида, томошабинлар кўзига ёш олди. “Қамчи бос”, “Кураш” ва “Ўтов” янграганида эса ҳамма маза қилиб рақсга тушди. Хонанданинг ўзи буюртма билан қўшиқ айтаётганини “концерт эмас, тўй бўлиб кетди” дея хазиломуз изоҳлади. Хонанда концерт сўнгида томошабинлар ёнига бориб, улар билан бирга рақсга тушди. Ҳосила Раҳимова бир неча маротаба мухлислар қуршовида қолиб кетди.  Баъзилар севимли санъаткорининг ёнида имкон қадар кўпроқ бўлишни истаб, уни қўйиб юборгиси келмаса, бошқалар у билан рақсга тушишни, бирга қўшиқ куйлашни истади. 

Концерт бир сўз билан айтганда, аъло даражада ўтди. Ҳосила Раҳимова юрагида ўти бор, ҳақиқий санъаткор эканлигини яна бир карра исботлади.

Дарвоқе, хонанда дастур давомида 3 та янги либосда намоён бўлади. Улардан бирини яратиш учун 4441 та Сваровский тошлари ишлатилган. Мазкур кўйлак 7 килодан иборат.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 11:47, 29 апрель
a'lo darajada
Гость 11:45, 29 апрель
zo'r