14 мингдан зиёд оиладаги турли низоларнинг олди олинди

17:01, 27 апрель

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз миқёсида 2,3 миллиондан зиёд оиланинг ижтимоий-маънавий ҳолати ўрганилиб, уларга зарур тавсиялар берилди. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 14 мингдан зиёд оилада турли низоларнинг олдини олишга эришилди. 66 мингдан зиёд оилага моддий кўмак, 82 мингга яқинига тиббий ёрдам кўрсатилди. Яна 65 мингдан зиёд фуқарони иш билан таъминлашга кўмаклашилди.

Бу ҳақда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ташкил этилган «Оилаларни мустаҳкамлаш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, соғлом она ва бола ғоясини амалга оширишда маҳалланинг ўрни» мавзусидаги матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди.

Анжуманда таъкидланганидек, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди тузилмалари томонидан жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият тарғибот маркази, «Оила» илмий-амалий маркази, «Нуроний» жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари бўйича 27 мингдан зиёд, ёш оилалар ажралиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича 28 мингга яқин, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича 26 мингга яқин тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, ушбу тадбирларда 4,6 миллион нафардан ортиқ аҳоли ва ёшлар иштироки таъминланди.

Ҳудудларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларининг 17 нафарига суннат тўйлари ўтказиб берилиб, уларнинг ҳар бирига банкларда 1 миллион сўмлик омонат дафтарчалари очтирилди. 

Шу билан бирга, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ туманларида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 127 та оилага кийим-кечаклар бепул улашилди. Шунингдек, 98 нафар ногирон ва етим талабанинг контракт пулларини тўлашда амалий ёрдам кўрсатилди. Маҳаллалардаги 450 нафар кам таъминланган оилалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳамда ногиронларга 200 млн. сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!