КХДР суди АҚШ фуқаросини жосусликда айблаб, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди

12:37, 29 апрель

КХДР суди корейс миллатига мансуб бўлган АҚШ фуқароси Ким Дон Чхолни жосусликда, мамлакат сиёсий тузумига қаршиликда айблаб, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. 

62 ёшли Ким Дон Чхолнинг ёнидан Шимолий Кореянинг ядро дастури ҳақидаги маълумотлари сақланган флешка топилгач, 2015 йилнинг октябрь ойида қўлга олинган эди. 29 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида у Жанубий Корея ҳукуматининг топшириғи билан бу вазифани бажарганлигини, эвазига катта мукофот пули олмоқчи бўлганлигини тан олди. Ким Дон Чхолнинг ёнидан бундан ташқари КХДР фуқароларининг оғир аҳволда яшаши тасвирланган суратлар ҳам топилган. Март ойининг охирида Ким Дон Чхол ўзининг бу ишидан пушаймон эканлигини билдириб, ҳукуматдан кўзда ёш билан кечирим сўраган эди. 

У 19 ёшигача Сеулда яшаган, кейинчалик АҚШнинг Виржиния штатига кўчиб кетган ва ўша ерда олий маълумот олиб, мамлакат фуқаролигини қабул қилган. У 2015 йилда КХДРга тадбиркорлик ва хайрия ишларини амалга оширишувчи инсон ниқоби остида кириб келган. Бу АҚШ фуқаросининг КХДРга қарши қилган илк жинояти эмас. 2013 йилда корейс миллатига мансуб Кеннет Бей исмли америкалик миссионер ҳам КХДР ҳукуматига қарши фитна уюштирганликда айбланиб, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!