Ишсиз қолган машҳур мураббийлар: Жозе Моуриньодан – Вадим Абрамовгача

10:07, 30 апрель

Жорий мавсумда бир қатор топ-клублар бош мураббийларни ишдан бўшатишди. Бунга уларнинг намойиш қилган самарасиз ўйинлари ва билдирилган ишончни оқламагани сабаб бўлди. “Челси”ни чемпионлик шоҳсупасига олиб чиққан Жозе Моуриньо, “Реал”ни муаммолар гирдобига ғарқ қилган Рафаэль Бенитес, Тошкентнинг “Локомотив” клубини орзиқиб кутилган чемпионлик сари бошлай олмаган Вадим Абрамов шулар қаторидандир. Бугунги саҳифамизда ишсиз қолиб кетган мураббийлар билан сизларни яқиндан таништирамиз.

Жозе Моуриньо

Ёши: 53да

Фаолият олиб борган клублари: “Бенфика”, “Униао де Лейрия”, “Порту”, “Интер”, “Реал” Мадрид, “Челси”

Ўтган мавсумда “Челси”ни чемпионлик шоҳсупасига олиб чиққан Жозе Моуриньо жорий мавсумда кутилмаган натижалар қайд этиб, клуб раҳбарияти ишончини йўқотди ҳамда мухлисларни ранжитди. 2015 йилнинг декабрь ойида Роман Абрамович директорлар кенгаши билан уни ўз лавозимидан озод қилишга қарор қилди. Унинг кетиши кўпчиликни ажаблантирган бўлса, баъзилар эса аксинча, “беназир”нинг кетганидан мамнун бўлди. Моуриньо Лондон клубини тарк этгач, унинг ўрнини голландиялик мутахассис Гус Хиддинк эгаллайди. Айтиш керакки, янги бош мураббий қўли сотида “нафақахўрлар” бирор марта ҳам мағлубиятга учрамади. Шунга қарамай, жамоа ҳамон қўйи поғоналарни эгаллаб келмоқда. Моуриньо жанжалкаш, эҳтиросларга берилувчи бўлишига қарамай, унинг футболда ўз ўрни бор. Португалиялик “Челси”дан кетиши билан жамоанинг шиддатли ўйини йўқолди, матбуот анжуманлари у сиз зерикарли ўтадиган бўлди. Аммо, у тез орада футболга қайтишини айтиб ўтди. Кўплаб топ-клублар унга қимматбаҳо шартномалар таклиф қилишга тайёр, лекин, Жозе катта эҳтимол билан ёзда “Манчестер Юнайтед” жамоасини ўз бошқарувига олади. У ушбу танлови билан собиқ жамоасининг қилган ишидан афсусланишига олиб келса, ажаб эмас.

Нуно Санто

Ёши: 42да

Фаолият олиб борган клублари: “Рио Аве”, “Валенсия”

“Валенсия” клубининг собиқ бош мураббийи Нуно, ўтган мавсумда жамоани ЕЧЛга олиб чиқишга муваффақ бўлганди. Жорий мавсумда эса унга омад кулиб боқмади. У кетгунга қадар жамоа мамлакат чемпионатида 9-поғонада бораётган ва ЕЧЛ гуруҳ баҳсларидан чиқиб кетганди. Португалиялик мутахассис ишидан мамнун бўлмади ва ўз хоҳишига кўра клубни тарк этди. Раҳбарият эса унинг қарорига қарши чиқмади. Бир муддат “Валенсия” мураббийсиз ўйнади. Омадсизлик кўчасига кириб қолган жамоа раҳбарияти Англия терма жамоаси бош мураббийи ёрдамчиси, “Манчестер Юнайтед” собиқ ҳимоячиси Гари Невиллни ишга таклиф қилади. Бахтга қарши, тажрибасиз Невилл “Валенсия”ни янада оғир аҳволга бошлади. Унинг қўли остида “кўршапалаклар” мамлакат чемпионатида мана 9 ўйиндирки ғалаба нима эканини билмайди. Турнир жадвалида улар ўзига ярашмайдиган 14-ўринда бормоқда. Бундан ташқари, клуб шармандаларча Испания Кубоги мусобақаларини тарк этди. Нуно барчасини четдан туриб кузатаётган ва собиқ жамоасига ачинаётган бўлса керак. 42 ёшли мутахассисга бир қатор ўртамиёна клублар қизиқиш билдирган. Бироқ, у ҳозирча футболдан дам олмоқчи.

Тим Шурвуд

Ёши: 47да

Фаолият олиб борган клублари: “Тоттенхэм”, “Астон Вилла”

Англиялик тажрибали мутахассис “Астон Вилла”ни Премьер-лигада сақлаб қолиши учун клубга бош мураббий этиб тайинланганди. Бир вақтлар “Тоттенхэм”да ёшлар билан ишлай олишини исботлаган мураббий бу ерда аксини кўрсатди ва кўпчиликнинг ишончни йўқотди. Унинг бошқарувида бирмингемликлар ишончсиз ўйин кўрсатиб, турнир жадвалининг сўнгги поғонасига муҳрланиб қолишди. Клуб вакиллари бунга ортиқ чидаб ўтирмади ва Шервудни ишдан бўшатди. Жамоа шу даражада пастга шўнғиганки, унинг ўрнига келган Реми Гард ҳам ёрдам бера олмаяпти. “Астон Вилла” ҳозирда 16 очко билан сўнгги поғонадан силжимай турибди. Тим Шервуд эса кўрсатган “каромати” учун мураббийлик фаолиятига катта доғ туширди.

Брендан Рожерс

Ёши: 43да

Фаолият олиб борган жамоалари: “Уотфорд”, “Рединг”, “Суонси”, “Ливерпуль”

Икки йил аввал Брендан Рожерс “Ливерпуль”ни орзиқиб кутилган чемпионлик сари деярли олиб чиққанди. Аммо, бир қанча тажрибали мураббийлар эплай олмаган ишни у ҳам уддалай олмади. Қайсидир маънода бунга Стивен Жеррарднинг “Челси”га қарши ўйиндаги йўл қўйган хатоси сабаб бўлди. Хуллас, мерсисайдликлар 2013/14 йилги мавсумда вице-чемпионга айланди. Шундан сўнг, у айтарли ютуқларга эришмади. Унинг кетиши ҳеч қандай шов-шувларга сабаб бўлмади. Рожерс тинчгина, ортиқча овозаларсиз клубдан кетди. Бош мураббийлик эса Юрген Клоппга топширилди. Германиялик мутахассис ўзининг латофати билан мухлисларни шимолий ирландиялик мутахассис ҳақида тез унутиб юборишга мажбур қилди. Тан олиш керак, айни дамда “Ливерпуль”нинг ҳолати яхши эмас, аммо, жамоа Англия Лига кубоги финалига йўлланма олди ва бир неча йил деганда дастлабки совринни қўлга киритишга яқин турибди. Брендан Рожерс камтарин инсон бўлгани учун ишдан кетганидан сўнг деярли ОАВда кўринмади. Уни “Соунси”га қайтиб боришини таҳмин қилишганди. Лекин ундай бўлиб чиқмади ва у ёзга қадар дам олишини айтди.

Дэвид Мойес                                                                                                 

Ёши: 52да

Фаолият олиб борган жамоалари: “Престон Норд Энд”, “Эвертон”, “Манчестер Юнайтед”, “Реал Сосьедад”

Шотландиялик мутахассис “Манчестер Юнайтед”ни қабул қилиб олганида, кўпчилик уни “янги Фергюсон”га айланишини кутганди. Афсуски, бу шунчаки ҳом-ҳаёл бўлиб чиқди. У Манчестерга келгач, жамоа енгил рақибларга енгилишни, ишончсиз ўйин кўрсатишни бошлади. Амалга оширилган трансферлар ҳам уни муаммолардан қутқара олмади. Натижада манкунианликлар топ-клуб номини йўқотди ва ўртамиёналар сафига қўшилди. Мойес “МЮ”да бир қатор антирекордларни қайд этиб, жамоа ва унинг мухлисларини еврокубоклардан маҳрум қилди. 52 ёшли мутахассис ўз омадини синаб кўриш учун Испанияга йўл олади. Сан-Себастьян шаҳрининг “Реал Сосьедад” клуби уни катта умидлар билан ўз сафига қўшиб олди. Басклар мураббийнинг Англиядаги хатоларидан хулоса чиқармади ва бу уларга қимматга тушди. Мазмунсиз футболни ўзи билан олиб келган шотландияликка кўп ўтмай катта эшикларни кўрсатиб юборишди. Мойес Испаниядан кетиш чоғида “Манчестер Юнайтед”га қайтиб бориш истаги йўқ эмаслигини айтди. Бу эса “қизил иблислар” мухлисларини яна ҳавотирга солиб қўйди. Айни дамда у ишсиз. Унинг “улкан” хизматларига эса Хитой клублари қизиқиш билдирмоқда.

Карло Анчелотти

Ёши: 56да

Фаолият олиб борган жамоалари: “Режжиана”, “Парма”, “Ювентус”, “Милан”, “Челси”, “ПСЖ”, “Реал Мадрид”

Италиялик мутахассис ноҳақ равишда “Реал”дан кетган, дейдиганлар талайгина. Тўғри, у ўтган мавсумда жамоани ҳеч қандай ютуқларга бошлаб келмади, лекин, унга яна бир йил муҳлат бериш керак эди. Анчелотти узоқ йиллар давомида кутилган Чемпионлар лигаси бош совринини Мадридга олиб келишга муваффақ бўлганди. Перес эса бунинг қадрига етмади ва ўни бўшатиб, Бенитесни танлади. Президент қилган ишидан афсусда бўлса, ажаб эмас. Адолатсизлик қурбонига айланган Анчелотти “қироллик клуби”дан кетиши билан “Милан”, “Рома”, “Интер” каби Италия грандлари уни ўз сафига чорлай бошлашди. У эса таътил олишга қарор қилди. “Бавария”ни мамлакат ичида енгилмас жамоага айлантирган, аммо, Европа майдонида салмоқли натижага эриша олмаган Пеп Гвардиола келаётган ёзда “Манчестер Сити”ни бошқариши аниқ бўлди. Шундан сўнг мюнхенликлар ишсиз ўтирган Карло Анчелотти билан боғланиб, унга 3 йиллик шартнома таклиф қилишди. Қисқа танаффусдан сўнг у яна мураббийлик курсига қайтадиган бўлди.

Роберто Ди Маттео

Ёши: 45да

Фаолият олиб борган жамоалари: “МК Донс”, “Вест Бромвич”, “Челси”, “Шальке 04”,

Италиялик мураббий топ-клубларда ишлаш тажрибаси билан мақтана олмайди. Лекин 2011/12 йилги мавсум сўнггида у “Челси”ни Андре Виллаш-Боашдан қабул қилиб олади ва сенсацион тарзда жамоани Чемпионлар лигаси ғолибига айлантиради. Қизиғи шундаки, Ди Маттео мана шу нуфузли турнирда жамоани ғолибликка бошлаган ягона мураббий саналади. На Жозе Моуриньо ва на Гус Хиддинк бу ишнинг уддасидан чиқишади. Бир вақтлар Лондон клубини бошқарган Клаудио Раньери ҳам буни эплай олмаган. Ди Маттео Лондонда узоқ қолиб кетмади. Кетма-кет муваффақиятсизликлар уни ишдан кетишига сабаб бўлди. Икки йиллик танаффусдан кейин уни Германияга – “Шальке 04” жамоасига таклиф қилишди. 45 ёшли мутахассис жамоани қийин аҳволдан олиб чиқишга ҳаракат қилди, аммо, унга юклатилган вазифаларни уддалай олмади. У ўз хоҳишига кўра гельзенкирхенларни тарк этади.

Фабио Капелло

Ёши: 69да

Фаолият олиб борган жамоалари: “Милан”, “Рома”, “Ювентус”, “Реал” Мадрид, Англия терма жамоаси, Россия терма жамоаси

Италиялик мураббий анчадан буён клуб миқёсида фаолият олиб бормаяпти. Юлдузли онларини “Рома”, “Ювентус” ва “Реал”да ўтказган Капелло 2008 йилдан терма жамоаларда ишлаб келди. Англия терма жамоасида тўрт йил ишлаган мураббий “уч шерлар”га айтарли муваффақият келтирмади. Шундан сўнг руслар унга ишонч билдириўди, аммо, у ерда ҳам тажрибали мутахассис кўзга кўринадиган иш қилмади. Натижада у катта можаролар билан Россия термасини тарк этди. Тарк этганда ҳам катта товон пулини ўзи билан олиб кетди. 69 ёшли мутахассис фаолиятини қаерда давом эттиришини таҳмин қилиш ҳам жуда қийин. Зеро, сўнгги 9 йиличида у ҳеч қандай ютуқларга эриша олмади.

Вадим Абрамов

Ёши: 53да

Фаолият олиб борган жамоалари: “Пахтакор”, “Нефтчи”, “НБУ-Осиё”, “Трактор”, Ўзбекистон U-23, Ўзбекистон МТЖ, “Локомотив”                      

Тошкентнинг “Локомотив” клуби тажрибали мураббий Вадим Абрамовни битта мақсадда жамоага таклиф қилган. У ҳам бўлса Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиш. Абрамов “Локо” билан Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди, бироқ, “темирйўлчилар” орзиқиб кутган чемпионлик сари етаклай олмайди. Жамоа кетма-кет уч йил вице-чемпион мақомида мусобақани якунлайди. Ҳозирда 53 ёшли мутахассисга қайси клуб қизиқаётгани маълум эмас. У катта эҳтимол билан МДҲ давлатларидан бирига йўл олса керак. Буни эса вақт кўрсатади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!