Германия элчиси водий вилоятларига сафар қилди

11:48, 30 апрель

Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги нуфузи тобора ортиб, узоқ ва яқин хориж мамлакатлари билан турли соҳалардаги ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани ортиқча изоҳ талаб этмайди. Бугун Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари, хусусан Германия Федератив Республикаси билан дўстона муносабатлари ўз самараларини бераётир.

Икки мамлакат ўртасида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий, фан ва таълим йўналишларидаги алоқалари катта аҳамият касб этаётир. Бугун юртимизда ҳар икки давлат иштирокидаги ўнлаб қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида ҳам Германия билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

25-29 апрель кунлари Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларига ташриф буюриб, мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда йўлга қўйилган ҳамкорлик самаралари билан танишди.

Соғлом миллат буюк ишларга қодир

Аҳоли саломатлигини сақлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири саналади. Фарғона водийсидаги бир қатор шифо масканларини модернизациялаш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида Германия ҳукумати томонидан узоқ муддатли ва имтиёзли кредитлар, грантлар ажратилмоқда.

Жумладан Наманган ва Андижон вилоятларидаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларига Германиянинг KfW банки кўмагида Германиянинг илғор компанияларида ишлаб чиқарилган замонавий тиббий ускуналар келтириб ўрнатилди. Бир қатор хусусий клиникаларга Германиянинг SES (Senior Experten Sevise – Тажрибали экспертлар хизмати) лойиҳаси асосида бир гуруҳ немис шифокорлар келиб, маҳаллий ҳамкасблари билан тажриба алмашишди, шунингдек ушбу клиникаларда бир қатор беморлар бепул текширувдан ўтказишди.

- Шифохонамизга яқинда Германиядан таниқли офтальмолог шифокор Вильфред Вецель келиб, ўз билим ва тажрибаларини биз билан ўртоқлашди, - дейди Намангандаги “ZZZ” кўз клиникаси раҳбари Зафаржон Абдуллаев. – Унинг кўмагида бир қанча катаракта ва глаукома операцияларини ўтказдик. Яқин орада шифокорларимизни малака ошириш учун ушбу давлатга жўнатишни мўлжаллаб турибмиз.

Қўқон шаҳридаги “Euromed diagnostic” клиникаси ҳам ҳудуддаги ривожланиб бораётган хусусий тиббиёт муассасаларидан бири. Ўтган йили бу ерга ташриф буюрган германиялик шифокорлар 19 кун давомида клиника ходимлари билан машғулотлар ўтказди, уларга тегишли маслаҳатлар, йўл-йўриқлар берди. Айни пайтда муассасада германиялик мутахассислар тавсиялари асосида, шу давлатдан келтирилган асбоб-ускуналар ёрдамида малакали хизмат кўрсатилмоқда.

Андижондаги “VISUS”, Фарғонадаги “Деноль-импекс” хусусий клиникаларига билан ҳам SES (Senior Experten Sevise – Тажрибали экспертлар хизмати) лойиҳаси асосида ана шундай ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Мамлакат эртаси - ёшлар қўлида

Германия элчиси ушбу сафар доирасида водий вилоятларидаги ўндан ортиқ олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида бўлиб, ёш авлоднинг таълим-тарбияси учун яратилган шарт-шаароитлар билан танишди.

Жумладан Андижон шаҳридаги 4-сонли академик лицей ўқувчиларининг чет тилларида, хусусан немис тилида равон сўзлашларини кўриб, ўз ҳайратини яширолмади.

-Лицейимиз 2010 йилда Андижон Давлат университети қошида ташкил этилган, - дейди лицей директори Санжарбек Мамажонов. – Айни пайтгача лицейимизни битириб чиққан ўғил-қизларимиз мамлакатимизнинг, шунингдек, Хитой, Малайзия, Сингапур, Латвия, АҚШ, Германия сингари мамлакатларда таҳсилни давом эттирмоқда. Бу ерда бир қатор чет тиллари қатори немис тилини ҳам пухта ўқитиш йўлга қўйилган.

Балиқчи туманидаги индустриал педагогика касб-ҳунар коллежи ва Марғилон шаҳридаги қурилиш касб-ҳунар коллежи устахоналарига ҳам Германиянинг KfW банки кўмагида ушбу мамлакатнинг илғор компанияларида ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилган. Айни пайтда ўқувчилар ушбу дастгоҳлар билан ишлаш, улар ёрдамида қурилиш, таъмирлаш ва пардозлаш ишларини пухта ўрганиб, бу борадаги янгича кўникмаларни ўзлаштирмоқдалар.

Ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш йўлида

Германия ҳукумати кўмагида юртимиздаги бир қатор қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш корхоналарига, шунингдек таълим ва тиббиёт муассасаларига замонавий асбоб-ускуналар, илғор технологиялар келтириб ўрнатилган.

Асака туманидаги “Шарқ баҳодири” фермер хўжалиги чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган. Ушбу хўжалик бир кунда 100 минг донадан ортиқ тухумни аҳоли дастурхонига тортиқ қилади. Бу ерга банкдан олинган 2 миллион евро кредит эвазига Германиянинг энг илғор технологик линиялари ўрнатилган.

Андижон вилоятида Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси”, фермер хўжалигида 1000 бошдан ортиқ қорамол парваришланади, бир кунда аҳолига 12 тоннагача сут етказиб берилади. Мазкур хўжаликда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ёрдамида қишлоқ хўжалиги мутахассислари учун фойдали семинар тренинглар ўтказиб келинади. Айни пайтда хўжаликда Германиянинг Claas, Lemken, Grimme сингари нуфузли компанияларнинг қишлоқ хўжалик техникаларидан унумли фойдаланилмоқда.

Қўрғонтепа туманидаги “Оқсув” фермер хўжалигида эса сут маҳсулотларини хориж технологияси асосида қайта ишлаш ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда қадоқланаётган сут, пишлоқ, бринза, творог сингари маҳсулотлар қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Германия элчиси хўжаликда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини юқори баҳолади ва уларни ҳатто Ғарб бозорларида ҳам сотилишига умид билдирди. Шу куни хўжаликнинг янги сут қабул қилиш шохобчасининг очилишида ҳам иштирок этди.

Қўқонда жойлашган “Europrint Kokand” МЧЖда айни пайтда 60 дан ортиқ ёшлар иш билан таъхминланган. Бу ерда Германиянинг Heidelberg компанияяси технологияси ёрдамида турли хил маҳсулотлар учун қадоқлар, қутилар, ёрлиқлар – ҳар хил ҳажм ва бичимдаги полиграфия маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотларига нафақат водийда, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам буюртмалар тушмоқда.

Жаноб Найтхарт Хёфер Виссинг сафари асносида мазкур хўжаликлар ва муассасаларда бўлиб, уларнинг иш фаолияти билан яқинлан танишди. Таълим масканларида таълим олаётган ёшларнинг билим ва салоҳиятини юқори баҳолади.

-Ўзбекистон билан ҳамкорлик Германия учун ҳам муҳим стартегик аҳамиятга эга, - деди элчи журналистлар билан суҳбатда. – Жумладан Ўзбекистон хавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши курашда Германиянинг яқин ҳамкорларидан бири. Дўстона алоқаларимиз бндан ҳам кейин ҳам ривожланиб боришига ишонаман.

Рустам Жабборов

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!