Тошкент ва Самарқандда “Фавворалар сайли” бўлиб ўтди

09:54, 02 май

1 май куни Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги фавворалар атрофи байрамона тус олди. Мусиқа садолари янграб, шаҳар аҳли ва меҳмонларни ўзига чорлади. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Тошкент фаввораси” давлат унитар корхонаси муҳандиси Баҳодир Азизовнинг айтишича, пойтахтимизда бугунги кунда ана шундай “рақсга тушувчи” ва замонавий ёритиш тизимлари билан таъминланган 15 яқин фаввора бор. 

Бу йил ҳам сайилга пухта ҳозирлик кўрилди. Фавворалар таъмирланиб, замонавий технологиялар ўрнатилди. Тошкент халқаро аэропорти яқинидаги ва Яккасарой туманидаги Пушкин ҳайкали қаршисидаги фавворалар светодиодли чироқлар билан безатилди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри майдонидаги мусиқали фаввора чироқлари ана шундай сержило чироқларга алмаштирилди. 

Самарқанд шаҳрининг Кўксарой ва Театр майдонлари, Амир Темур хиёбони, Шоирлар боғи, Университет хиёбони, Самарқанд темир йўл вокзали майдони каби 10 яқин масканлардаги фавворалар атрофида маданий дастурлар, концерт томошалари, самарқандлик рассомларнинг ранг-тасвир асарлари кўргазмалари намойиш этилди.  

“Фавворалар сайли” давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари, қатор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ёзувчилар, шоирлар, санъаткорлар, рассомлар, рақс ва театр гуруҳлари иштирокида турли оммавий маънавий-маданий тадбирлар ўтказилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!