Аёлга нисбатан қизиқишнинг йўқолишига сабаб бўлувчи 7 ҳаракат

10:42, 02 май

Эркак кишининг аёлни ташлаб кетишига нима сабаб бўлади? “Еlle.ru” нашри қуйида сизни шундай ҳаракатлар билан таништиради.

1. Эркакни ўзгартиришга ҳаракат қилиш

Эркак киши қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишларини истайди. Уни ўзгартиришга, тарбиялашга ҳаракат қилинадиган бўлса, бунинг охири яхшилик билан тугамайди. 

2. Сергаплик

Ҳали танишганингизга бир ҳафта бўлмай, бутун дунё янгиликларини гапиришдан тўхтамасангиз, орадан бир ой ўтар-ўтмас, сизни кўрганда севган инсонингизнинг энсаси қотиб, боши оғрийдиган бўлиб қолади ва сиздан узоқроққа қочишга ҳаракат қилади. Севган кўрсатувларингиз ҳақидаги фикрларингизни, турли миш-мишларни дугонангиз билан ўртоқлашганингиз маъқул.   

3. Рақобатлашиш 

Агар ёнингиздаги инсон билан мусобақалашиш сизга хос хусусият бўлса, яъни кўпроқ пул топишга, машинани яхши бошқаришга ҳаракат қиладиган бўлсангиз, ўзингиз сезмаган ҳолда эркак билан рақобатга киришиб кетасиз. Жуда кам ҳоллардагина бундай рақобат яхшиликка олиб келади. Эркак киши аёлнинг ёнида ўзини бўш қўйгиси, дунё ташвишларидан дам олгиси келади. Аммо аёл уни янгидан-янги чўққиларни забт этишга, ўзидан қолиб кетмасликка ундайдиган, муносабатлар романтик тус олмай, мусобақага айланиб кетадиган бўлса, эркак бундай муносабатлардан тез чарчайди. 

4. Ўта эркинлик ҳисси

Мустақил ва омадли “бизнес леди” эркакни ўзига тортадиган бўлса, ҳукмбардор ва муросага келмайдиган “темир аёл” чўчитиб, ўзидан итаради. Агар ресторанда еган овқатингиз учун пул тўлай олсангиз, оғир юкларни кўтариш, уйдаги барча эркак киши бажариши лозим бўлган юмушларни бажариш қўлингиздан келадиган бўлса, ёнингизда кучли жинс вакили бўлиш шартмикан? Ҳеч бўлмаганда маълум муддатга елкангиздаги оғир ишларни бажаришни ундан илтимос қилинг, шундан кейин у ўзини керакли инсон деб ҳис қилади ва ёнингиздан кетмасликка ҳаракат қилади.     

5. Ўтмишни унута олмаслик

Ҳар бир йигит уйлангунга қадар қизлар билан гаплашади, бахтини топишга ҳаракат қилади. Агар унинг илгари гаплашган қизини қайта-қайта эслатиб, тинчлик бермасангиз, бундай муносабат унинг кўнглини тезда совитади ва ростдан ҳам унинг олдига қайтиб кетиши мумкин.   

6. Юмор ҳиссининг йўқлиги

Эркак юрагини забт этишда ҳазил-мутойибанинг роли катта. Уни сизнинг шпилька туфлингиз, гўзал макияжингиздан кўра очиқ чеҳрангиз, кулгига мойиллигингиз кўпроқ қизиқтиради. Агар у сизга ҳазил-мутойиба қилса-ю, сиз буни тушунмасангиз, бундай муносабат узоққа чўзилмайди.

7. Ўзига нисбатан қизиқишнинг йўқолиши

Эркак киши кўп ҳолларда ўзининг қадрини биладиган, ўзини яхши кўрадиган аёлларни ёқтиради. Муҳаббат қанчалик қудратли кучга эга бўлмасин, ўзингизни эркак киши учун фидо қилиб, барча қизиқишларингиздан, борлиғингиздан, ишингиздан, ўқишингиздан воз кечманг. Эркак киши табиатан овчи бўлади, ўлжани қўлга киритгандан кейин, ўлжага нисбатан қизиқиши сўниб, уни яна ов қилиш ҳисси безовта қилиши мумкин. Унинг диққатини доимо жалб қилиш учун аввало ўзингизга эътибор беришни унутманг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!