Японлардан пул тежашнинг 4 қоидаси

14:40, 02 май

Леди Mail.Ru” нашри муҳаррири Юля Арбатская ёзги таътил учун пул йиғишни режалаштиргани сабабли японларнинг Kakebo тизими бўйича синовдан ўтишга рози бўлди. Синов қандай якунланганини қуйида билиб олишингиз мумкин.

Kakebo япон тилидан таржима қилинганда “рўзғорда пул тежаш учун юритилган ҳисоб-китоб дафтари” деган маънони беради. Дафтарда кирим ва чиқим ёзувлари қайд этилади. Унга пулни тежашга ёрдам берадиган ўзига хос қонун-қоидаларга риоя қилган ҳолда ёзилади. Бу қоидаларни ўрганиш учун бир ой вақт сарфладим ва ажойиб кашфиётнинг гувоҳи бўлдим. Марҳамат улар билан танишинг.

Биринчи қоида: Бир ойлик кирим-чиқимларингизни белгилаб олинг

Ойнинг бошида қанча кирим қилишингизни аниқлаб олиб, шунга қараб чиқимингизни режалаштиринг. Бу сизнинг қанча пул тежай олишингиз мумкинлигидан дарак беради. Бу иш рўзғорда ҳисоб-китоб ишларини юритмаган одам учун қийинчилик туғдириши мумкин. Шунинг учун бу тизим чиқимларни мажбурий (масалан, рўзғор, транспорт, озиқ-овқат, кийим, соғлик ва телефон) ва қўшимча (кўнгилочар жойларга бориш, ўқиш, гўзаллик) га бўлишни талаб қилади. 

Одамни зериктирадиган ҳисоб-китобдан кейин ойлигимнинг тўртдан бир қисмини тежашим мумкинлигини англагач, қувончдан бошим кўкка етди. Тежалган пулга бир қанча замонавий кийимлар ёки бассейнга бориш учун абонемент сотиб олишим мумкин. Ёки бўлмаса театрга бориб, севимли спектаклимни томоша қилишим мумкин.

Иккинчи қоида: Қанча пулни тежашни истасангиз, унинг миқдорини аниқлаб олиб, шу мақсад сари интилинг

Kakebo тизими ҳар ойда пулни нима учун ва қандай мақсадда тежаётганингизни, пул тежайман деб қандай қурбонликлар қилаётганингизни аниқлашни тавсия қилади. Саёҳатга чиқишни режалаштирганим туфайли, ўйин-кулги учун сарфланадиган ҳар қандай чиқимни камайтиришга тайёр эдим. Олдингизга қўйилган мақсад дўстларингиз билан қаҳвахоналарда ўтиришингизга чек қўйса-да, саёҳатга чиқиш фикри ҳар қандай кўнгилхираликни ювиб кетади ва бир олам қувонч келтиради. Кинони кинотеатрда катта экранда эмас, уйда телевизорда ҳам кўрса бўлаверади. Дугоналар билан ҳам айнан қаҳвахонада эмас, уй шароитида учрашса ҳеч нима бўлмайди. Бўш вақтни текиндан-текин хиёбонда сайр қилиб, тоза ҳаводан нафас олиб, қуёш нарларидан баҳраманд бўлиб, ўтказиш ҳам мумкин.

Учинчи қоида: Кундалик чиқимларни ёзиб боринг

Бу сизнинг пулни нималарга сарфлаётганингизни англашингиз учун керак бўлади. Чунки гапириш осон, уни амалга ошириш қийин вазифадир. Кундалик чиқимни ҳисоблаш дунёдаги энг зерикарли машғулотлардан биридир. Кундалик харидларимнинг чекини кечқурун дафтаримга ёзиб қўйиш учун йиғиб қўйдим, аммо чекларни дафтарга кўчириш ҳафтанинг охирига қолиб кетди. Кейин эса киримларим билан чиқимларим бир-бирига тўғри келмай қолди, чунки йўл-йўлакай сув, писта сотиб олиб, чексиз ҳам кўп харидларни амалга оширган эдим. 

Ниҳоят ҳар бир арзимаган харидни ҳам дарҳол дафтарга ёзишим лозимлигини англадим. Ичган бир стакан қаҳвамни ҳам, эрталабки нонуштага сотиб олган нарсаларимни ҳам ёза бошладим. Kakebo дафтарини кўтариб юриш ноқулайлик туғдиргани боис, қайдларни телефоним блокнотига ёза бошладим.

Синов муаллифи Мотоко Хани ХХ аср бошларида яшаганлиги сабабли ўзи билан қоғоз, ручка кўтариб юришга мажбур бўлган, аммо қўлимдаги техник тараққиёт меваси бўлмиш гаджет мени бундай муаммодан халос этганлиги туфайли, барча ёзувларни унга кўчирдим.

Икки ҳафталик ҳисоб-китоб ишларидан кейин чиқимларимни кўриб, тепа сочим тикка бўлди. Маошимнинг асосий қисмини дугоналарим билан қаҳвахоналарда овқатланиш учун кетказар эканман. Агар пул тежашни истасам, ҳар қанча арзон бўлмасин, қаҳвахоналарда камроқ овқатланишим кераклигини англадим.

Тўртинчи қоида: Ҳар ойнинг ва ҳафтанинг охирида чиқимлар ҳисоботини кўздан кечиринг 

Бу нарса кирим ва чиқим ўртасидаги фарқни билишга, кузатишга ёрдам беради. Қўлланмада бундан ташқари қуйидаги сизни назорат қилувчи ва илҳомлантирувчи саволлар ҳам берилган:

•  Мақсадингизга эриша олдингизми?
•  Ваъдангизнинг устидан чиқолдингизми?
•  Ой бошидан бери тежаган пулларингизни йиға олдингизми?

Ой охирида бу саволларнинг барчасига инкор жавобини бердим. Чунки ўтган бир ой мобайнида мен нималарга ортиқча пул сарфлаётганимни аниқлаб олгандим. Пулни беҳуда кўкка совурадиган исрофгар эканлигимни, аммо пулни қандай қилиб тежаш мумкинлигини яхши билиб олгандим. Агар 3 ой мобайнида пул тежасам, орзуимдаги саёҳатга бемалол боришим мумкин. Бунинг учун оч қолиб, барча хоҳишларимдан воз кечишим шарт эмас. Тежалган пуллар эса мен учун кутилмаган совға вазифасини ўтайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!