Соч парвариши ҳақидаги 8 хато фикр

11:05, 03 май

Биз аёллар имкон қадар сочларимизга кўпроқ эътибор беришга ва уларни янада соғломлаштиришга интиламиз. Афсуски, аксарият ҳолларда сочларимиз устида ўтказган янги тажрибалар фойдага эмас, зарарига ишлайди.  

1-хато фикр: Фен сочларга зарар

Кўпчилик фен сочларга зарарли эканлигини, яхшиси уларни табиий йўл билан қуритган маъқул, деган фикрни кўпчилик илгари суради. 

Агар сочингиз жуда калта бўлсагина, уни табиий йўл билан қуритишингиз мумкин. 

Мабодо сочингиз узун бўлиб,ювгандан кейин уни қуритмасангиз, соч тукига ёпишган сув молекуласи соч тузилишидаги протеинларни сиқиб чиқаради ва натижада соч синувчан, қуруқ, туссиз бўлиб қолади. Бунинг олдини олиш учун сочни фенда паст ҳароратда қуритиш лозим.   

2-хато фикр: Қазғоқ — бош терисининг қуриб қолганлигидан дарак беради

Аксинча, қазғоқ ёғ безларининг керагидан ортиқ ишлаётганидан дарак беради.  Соч учун мўлжалланган ёғли воситалардан фойдаланиш қазғоқ келиб чиқишига сабаб бўлади. Мабодо бошингизда қазғоқ пайдо бўлса, сочингизга қазғоққа қарши тайёрланган ювиш воситалари билан ювинг, ёғли шампунлардан воз кечинг!

3-хато фикр: Сочни тез-тез калталатсанг, тезроқ ўсади

Сочнинг тезроқ ўсиши фолликулларнинг фаоллигига боғлиқ. Сочнинг уч қисмини тез-тез кесиб туриш, ҳужайралар бўлинишига мутлақо таъсир қилмайди. Сочнинг учини калталатмасангиз, у хунук кўринишга эга бўлишини ҳисобга олиб, шунинг учунгина сартарош ҳузурига боришингиз мумкин.

4-хато фикр: Стрессдан соч оқаради

Сочда оқ толаларнинг пайдо бўлиши стрессга эмас, генетикага боғлиқ. Агар ота-онангиз кексайганда ҳам сочига оқ тушмаган бўлса, сизда ҳам худди шундай бўлади. Соч оқаришига инсон организмидаги меланин моддаси сабаб бўлади. Инсоннинг ёши ўтган сари организмида меланин моддасининг камайиб бориши натижасида сочга оқ тушади, бунинг стрессга алоқаси йўқ.

5-хато фикр: Сочни доим турмаклаб юриш, унинг тўкилишига олиб келади

Бу афсонада бир фоиз бўлса ҳам ҳақиқат мавжуд, агар сочингизни балериналарга ўхшаб, силлиқ қилиб, тортиб турмаклайдиган бўлсангиз у ростдан ҳам тўкилиши мумкин. Уни енгилгина турмаклаш ёки ўриб қўйиш ҳеч қачон тўкилишига сабаб бўлмайди.

6-хато фикр: Сочни ювиб бўлгандан кейин унинг “кутикуласини ёпиш” учун совуқ сувда чайқаш лозим

Сув ҳарорати иссиқ ва совуқни ҳис қиладиган тирик ҳужайраларга таъсир қилади. Соч эса тўлиқ ўлик ҳужайралардан ташкил топган бўлиб, унга сувнинг ҳарорати асло сезилмайди.

7-хато фикр: Соч соғлом бўлиши учун уни тез-тез тараб туриш керак

Сочни тез-тез тараш унинг тез кирланишига ва ишқалайвергандан электрлашишига олиб келади. Шундай экан, уни ҳадеб тарайверманг! Бир кунда икки маротаба эрталаб ва кечқурун уйқу олдидан тараб қўйсангиз олам гулистон! Мабодо кундузи бирор тантанага борадиган бўлсангиз, сочни тараб, турмаклаш бундан мустасно.

8-хато фикр: Шампунни ҳар уч ойда ўзгартириб туриш керак

Юқорида айтиб ўтганимиздек, соч ўлик ҳужайралардан ташкил топган. Соч ҳар қандай ювиш воситасига ўрганади. Шампунь алмаштиришга фақатгина сочнинг ҳолатигина сабаб бўлиши мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!