Стресс енгишнинг 5 оддий усули

12:14, 03 май

Қандай қилиб, асабийлашган инсон тезда тинчланиши мумкин?

Ҳаётимиз турли стрессларга бой, ҳар қанча уларга эътибор бермасликка ҳаракат қилсак-да, баъзан буни эплай олмаймиз. Қуйида “Gazeta.ru” нашри стресс енгишнинг энг осон йўлларини тавсия этади.

Идиш ювиш

Орамизда кўпчилик бу машғулотни ёқтирмайди, ҳар куни минглаб одамлар идиш ювадиган машинани ўйлаб топган одамга тасаннолар айтишади. Америкалик олимларнинг фикрича, идиш ювиш ҳам медитациянинг бир тури ҳисобланади. Чунки одамнинг қўли идиш ювиш банд бўлганда хаёлига турли ўйлар келади, ҳис-туйғулар оламига ғарқ бўлиб, ташқи оламдан узилиб қолади. Фақат буни эплай олиш керак. Агар идиш ювиш жараёнида ўша лаҳзани ҳис қилиб, диққат-эътиборингизни бир нуқтага жамлай олсангиз 27% камроқ асабийлашасиз, 25 % кўпроқ самарали фикрлайсиз. 

Оёқ кийимингизни ечинг

Ишхонада ўтирганда стол тагига билдирмай, туфлингизни ечиб қўйсангиз, танангизни ёқимли ҳис-туйғулар чулғайди. Шарқ тиббиётида оёқ кафти асосий массаж қилинадиган жойлардан бири ҳисобланади, гилам, қум, кўм-кўк майса устида шунчаки ялангоёқ юриш ҳам одамни тинчлантиради. Бундан ташкари пойабзални ечгандан кейин заминга оёқ қўйиш сизда умидворлик, қатъиятлилик, хотиржамлик ҳисларини уйғотади.

Атрофга сув сепинг

Шаҳар шароитидан чарчаган одамга табиат қўйнига чиқиш тавсия этилади. Ўсимликлар оламининг ўзи ҳам ҳар қандай стрессни енгади, агар одам боғда ёки томорқада ишлайдиган бўлса, асаби тинчланади. Жудаям асабийлашаётган бўлсангиз, боққа чиқиб, дарахтларга, ўсимликларга сув сепинг, бу сизни тинчлантиради.

“Тетрис” ўйнанг

Бу ХХ асрда қолиб кетган эски ўйин, деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз. Бу постравматик синдромнинг олдини олишга ёрдам беради. Раҳбари бақириб, асабини бузган одамлар учун тетрис яхши стрессни енгиш қуролидир.  

Қор парчаларини томоша қилинг

Деразадан қор парчаларининг чирпирак бўлиб тушаётганини томоша қилиш қандай мароқли. Гап бу ерда қор ҳақида эмас, стрессни енгиш ҳақида кетмоқда. Табиатнинг ҳар бир ҳодисаси, тасвирий санъатга доир асарлар инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!