45 ёшдан ошган юлдузлардан чиройли қомат сирлари

15:00, 03 май

Дунё юлдузлари бойлик, атрофини ўраб турган муҳит сабабли чиройли қад-қоматга эга бўлади деган фикр миямизга ўрнашиб қолган. “Lady.mail.ru” нашри уларнинг бундай гўзалликка қандай эришганликлари сири билан танишиб, сиз билан ўртоқлашишга қарор қилди. Юлдузлардан илҳомланиб, сиз ҳам чиройли қад-қоматга эга бўлинг!

Валерия, 47 ёш хонанда

Валерия “Леди Mail.Ru” нашрига берган интервьюсида унинг гўзаллик сири оддийлигини, ҳаммаси унинг тиниб-тинчимаслигида, серҳаракатлилигида, спорт билан шуғулланишида эканлигини айтиб ўтган эди. Бундан ташқари у соғлом турмуш тарзини кечиради, ичмайди, чекмайди. Унинг фикрича, еган, ичганимиз нафақат қадди-қоматимизга балки куч-қувватимизга ҳам катта таъсир кўрсатади.  

 

Женнифер Лопес, 47 ёш актриса ва хонанда

Дунёнинг энг гўзал аёллари сафига киритилган Женнифер Лопесни озғин деб бўлмайди. Аммо у гўзаллигини, қад-қоматини сақлаш учун кўп куч ва вақт сарфлайди. Женнифер ҳафтасига 3-4 маротаба 2 соатдан лотинамерикача рақс билан шуғулланади, кунига 5 км масофага югуради, турли массажлар олади. У ҳам алкоголь ичмайди, тамаки чекмайди. Кўпроқ кўкатлар ва сабзавот маҳсулотларини истеъмол қилади. Тиғиз иш тартиби халақит қилса ҳам, суткасига иложи борича, 10 соат ухлашга ҳаракат қилади. 

 

Екатерина Андреева, 54 ёш, телебошловчи

“Время” кўрсатуви бошловчиси Екатерина Андреева ўзининг гўзаллиги ва ёшлигини сақлаб қолганлиги билан ҳаммани ҳайратга солиб келмоқда. Андрееванинг айтишича, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. У ухлашга эрта ётади, деярли ҳар куни жисмоний машқларни бажаради, асабийлашмасликка ҳаракат қилади. Эрталаб уйқудан уйғонганда албатта лимон ёки тибетнинг махсус доривор ўтлари қўшилган сув ичади. Андрееванинг кун тартибидан — тайцзицюань, йога, пилатес, фитнес, жисмоний машқлар ўрин олган. Унинг айтишича, янги ҳис-туйғуларни бошдан кечиришни ёқтиради, ҳасад нималигини билмайди. Шуларнинг бари гўзаллигини сақлашга асос бўла олади.  

 

Кристи Бринкли, 62 ёш, модель

62 ёшли модель Кристи Бринкли ёшига нисбатан икки баробар ёш кўринади. Бу ерда ҳамма нарса нафақат генетика ва косметологияга эмас, балки аёлнинг гўзал қад-қоматини сақлаш учун тинмай ҳаракат қилишига боғлиқдир. Кристи “Ёшга боғлиқ бўлмаган гўзаллик” номли китоб ёзиб, ўқувчиларни абадий ёшлик рецепти билан таништирди. У ўзининг гўзаллигини сақлаб қолишига, 13 ёшдан бери вегетариан (гўшт емаслик) эканлиги сабаблигини айтади. Кристи нонуштага сули ёрмаси, йогурт ва турли мева-чеваларни истеъмол қилади. Тушликка эса ловия ва ёнғоқ, кечки овқатга эса сабзавотларни тановул қилади. У ҳеч қачон шакар истеъмол қилмайди. Бундан ташқари Кристи спорт билан мунтазам шуғулланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!