Хитойда оёқ ва қўл бармоқлари 31 та бўлган бола дунёга келди

10:19, 05 май

Хитойда қўлида 15 та, оёғида 16 та бармоғи бўлган бола дунёга келди, деб хабар берди “Life.ru” нашри. Қизиғи шундаки, боланинг онаси ҳам полидактилия (кўп бармоқлилик)дан азият чеккан. Аёл ҳомиладорлик пайтида ультратовуш текширувидан ўтганда, шифокорлар бола ҳеч қандай аномалиясиз ривожланаётгани, фақатгина ортиқча бармоқлар билан туғилишини маълум қилган.  

Шифокорларнинг айтишича, чақалоқни ҳозир операция қилишнинг иложи йўқ. Чунки бола кичкина бўлганлиги учун организми анестезияни кўтара олмайди. У бир ёшга тўлиб, суяклари қотмагунга қадар, операция қилишнинг иложи бўлмайди. Бундан ташқари, бундай қиммат операцияни ўтказишни бола ота-онасининг чўнтаги кўтармайди. Улар операция учун ҳомий қидиришмоқда.

Полидактилия кенг тарқалган ирсий касалликлардан бири ҳисобланиб, ер юзида ҳар 5000 чақалоқдан бири 6 та бармоқ билан туғилади. Энг кўп бармоқли одам деб ҳиндистонлик — қўлида еттита, оёғида ўнтадан бармоғи бўлган Акшату Саксена ҳисобланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!