Зарафшондаги қамоқхонада сақланаётган “ҳизб ут-тахрир”чининг оиласига пушаймонлик мактуби

15:18, 05 май

“Ассалому алайкум, ҳурматли газетхонлар. Мен «Ҳизб ут-Тахрир» диний экстремистик оқимида фаолият олиб борганим учун

2004 йилда 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва айни пайтда Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида жазо муддатини ўтаётган, 1966 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида туғилган  Рашидов Ботиржон Хамидович бўламан. 

Яқинда аҳволимдан хабар олиш учун келган рафиқам Мухлисахоннинг қўлидаги «Даракчи» газетасининг 2016 йил 25 февралда чоп этилган сонида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидан бўлган «Абдулло» исмли йигитнинг армонга тўла гапларини, зада юрагидан тўкилган дардларини ўқидим. 

«Абдулло» «Ҳизб ут-Тахрир» оқимига аъзоси бўлган отасининг оиласи бошига солган кулфатлари ҳақида йиғлаб-йиғлаб ёзибди. Тўғриси, шуларни ўқиганимда мен ҳам йиғладим. Дод солиб, чин қалбимдан, пушаймонликдан йиғладим. Сабаби, шу кунгача менинг ҳам «Абдулло»нинг отасидан фарқим йўқ эди. Афсуски, менинг ҳам жигарларим унинг оила аъзолари каби хору-зор бўлишаётгани, сўзида айтмасада юрак-юрагидан мени қарғаб яшаётганини тушундим. 

Ахир мен ота бўлиб нима қилдим? Фарзандларимни ватан хоинининг ўғил-қизига айлантириб, менга бахт улашган рафиқам Мухлисахонни -  туну-кун, иссиқ-совуқни ўйламай  мени бир дақиқа бўлсада кўриш учун ёнимга ошиқадиган, тирикчилик илинжида ўзини ўтга-чўққа уриб топганини менга ташийдиган  жуфти ҳалолимнинг  мунгли нигоҳидаги дардни,  қалбидаги азобни наҳотки тушуниб ета олмадим? Ҳар гал мени кўриш учун келган Мухлисамнинг бармоқларида эртаю кеч  кўрпа-ёстиқ тикканидан  пайдо бўлган қадоқларни кўриб, унинг келинлигидаги юмшоқ қўлларидан асар ҳам қолмаганидан  нега ўзимга хулоса чиқармадим?

Гуллолабегим, Захробегим, Оминахон қизларимни ва Абдулазиз ўғлимни ҳеч кимдан кам қилиб тарбиялаш қўлимдан келар эди-ку? Афсуски қамалиб ҳам ақлим кирмади: уларни рисоладагидек тарбиялаш ўрнига, мажбурлаб хижобга киритдим, кўча-куйга чиқишларига, институтларда ўқишларига қаршилик қилдим. 

Полапондек қизим Гуллолабегим онаси билан мени кўриш учун келиб, шифокор бўлишини айтганида, уни бу йўлдан қайтариш учун юзига тарсаки тушириб, унинг кўз ёшларини тўкканим ва унинг нафратига дучор бўлганим ҳеч хаёлимдан кетмаяпди. Шу ҳам инсоннинг ишими? 

Афсус қалб кўзларим кўр бўлганини тушуниб етганимда жуда ҳам кеч бўлди. Шу даражада ҳам тубан бўламанми, а? Наҳот мени дунёга келишимга ота сабаб бўлган? Наҳот мени она туққан? Наҳот опа-сингилларим билан бирга катта бўлдим? 

Онажон, мени «ўғлим» деманг. Мен фарзандликка мутлақо номуносибман. Опажон, сингилжон, мени «қондошим» деманг. Мен укаликка умуман нолойиқман.

Мени кутиб кўзлари кўр бўлган онамга кўзларимни бергим келяпти. Отажоним бир вақтлар Олмазор туманидаги  энг кўзга кўринган математика ўқитувчиси эдилар. Отамнинг мени деб маҳалла куйда, дўстлари орасида шарманда бўлгани ва бу дардни кўтаролмай  вафот этганини наҳотки ўз вақтида англамадим? Лоақал отамни сўнгги йўлга кузата олмаган бўлсам…

Меҳрибоним Мухлисахон, мени ёрим деманг, сизнинг оқарган бир тола сочингизга, юзингиздаги кулгич ўрнини қоплаган бир дона ажинга арзимайман. Менга ота деб мурожаат қилманг, гўзал қизларим! Сизлар чеккан азобларнинг бир лахзасига ҳам арзимайман. Ота бўлиб, қўлингиздан бир марта бўлса-да тутиб, бирорта ҳарфини ўргата олмаган, пешана терим билан топган маошимдан туғилган кунларингда совға олиб беролмаган, нолойиқ, қалби кўр оталарингни кечиринглар. 

Қанийди, буларнинг барчаси қўрқинчли туш бўлса-ю, уйғонганимда навқирон давримга қайтиб,  ҳаммасини ўзгартира олсам. Ота-онам орзу қилган ўғил, бир бахтли оиланинг бахтли отаси бўлсам. Ана шундай пушаймонлар туну-кун халоват бермайди, хатоларим ич-этимни каламушдек кемирмоқда.  

Шу кунгача, нега мен озодликдан маҳрум этилдим, ахир мен хеч нарса қилмадим-ку деган саволни ўзимга бериб, виждонимни алдаб, яқинларимни тириклайин гўрга тиққанимни энди тушуниб етдим.

Нодонлигим туфайли ана шундай саодатли жамиятнинг бекаму кўст фуқаролари қаторига қўшилмаганимдан афсус чекаман. Ахир, менда ҳам бахтли инсонлар сафида бўлиш учун етарлича имкон бор эди-ку? Аммо, ёруғлик, асл ҳидоят ўрнига, «Ҳизб ут-Таҳрир» деган ўлат, охири жарликка қулатадиган қинғир сўқмоқ домига тушиб ўтирибман. 

Асл мақсади Ислом динимизни қўғирчоқ қилиб, мусулмонни мусулмонга душман қилган «хизбчилар», мен сингари падаркушларни яратди холос. Эзгулик дини бўлган Ислом мен ва менга ўхшаган ватанфуруш «тахрирчи»лар таъсирида хор бўлганини тушуниб етганимда оиламдан, болаларимдан, ота-онамдан ажралиб қолдим. Яқинларимнинг, қолаверса менинг таъсиримда «хизб»га аъзо бўлган навқирон йигитларнинг нафратига дучор бўлдим. Ахир уларнинг ҳам фарзандлари шу азобларга гирифтор  бўлаётганини наҳотки англамадим?

«Ҳизб ут-Тахрир» йўлини тўғри деб билиб, 12 йилдан ортиқ вақт давомида ҳақ йўлдаман деб, бутун борлиғимдан айрилганимни кеч тушуниб етдим, алданганимни, «хизб»ни деб бутун ҳаётим барбод бўлганини  тушундим. 

«Ҳизб ут-Тахрир»! Мени ва фарзандларимни хўрлаганинг, оиламни барбод қилганлигинг учун сендан нафратланаман! Сенга эргашганларни  Аллоҳ ўзи жазоласин. 

Қилган гуноҳларим учун ҳар куни фарзандларимдан кечирим сўрайман, фарзандларимга оталик қилиб, уларни ҳимоя қилаётган юртимдан кечирим сўрайман. «Абдулло»,  укажон, биз бефаҳм «хизбчи»ларни кечиринг.

Азизам Мухлисахон, жигарбандларим  Гуллолабегим, Захробегим, Оминахон, ўғлим Абдулазиз, мен албатта озод бўламан.

Сизларни юрак-юракдан ардоқловчи дадангиз Ботиржон”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!