Ёш чегарачилар Чирчиқда беллашмоқда

10:56, 06 май

Чирчиқ шаҳрида “Ёш чегарачилар” анъанавий ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларининг мамлакат босқичи бошланди. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Маданият ва спорт ишлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, ҳарбийлар иштирок этди. 

Мусобақанинг ҳудудий босқичларида иштирок этган 4 минг нафарга яқин ўқувчидан мамлакат босқичига йўлланма олганлар ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарлик, биринчи тиббий ёрдам, тарих, чет тиллар, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги қонунини биласизми?” каби 20 га яқин йўналиш бўйича ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказмоқда. 

Ўқувчи-ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёш авлоднинг Ватанимиз чегаралари дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлашдаги масъулиятини кучайтириш, уларни спортга кенг жалб этишга қаратилган мусобақанинг финал босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жамоалар ўзаро баҳслашмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!