«MAN Auto-Uzbekistan» қўшма корхонаси янги юк автомобилини тақдим этди

15:21, 06 май

«JV MAN Auto-Uzbekistan» қўшма корхонасида бугунги кунда 50 турдан ортиқ юк автомобиллари ва махсус техникалар ишлаб чиқарилмоқда. 

Яқиндан бошлаб корхонада 10 м3 номинал сиғимга эга MAN TGS 41.400 8Х4 ВВ М072 русумли автобетонқориштиргич ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди, дея хабар беради “Ўзавтосаноат” АК ахборот хизмати. Бетон аралашмасини гидравлик усулда орқага тўкиб бериш имкониятига эга мазкур автомобил тайёр бетон қоришмасини кимёвий ва технологик хусусиятларини сақлаган ҳолда истеъмолчиларга етказиб бериш учун мўлжалланган.

Махсус транспорт воситасига ўрнатилган айланувчи барабанлар бетон аралашмасини истеъмолчига етказиб бергунча таркиби ўзгармаслигини таъминлашга хизмат қилади. Автомобил бақувват ва тежамкор МАN D20 двигатели, замонавий Common Rail ёнилғи узатиш тизими ҳамда 16 босқичли механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган. Кучайтирилган рессорли осмалар, барабанли АBС тормоз ва электрон назорат тизимлари махсус юк автомобилининг ҳар қандай шароитда ҳам ишончингизни оқлашига кафолат беради. 

N3 транспорт воситаси категориясига кирувчи автобетонқориштиргичнинг ғилдираклар формуласи 8х4 кўринишга эга. Махсус юк автомобилининг габарит ўлчамлари: узунлиги 9 350 мм, кенглиги 2 500 мм, юк ортилган ҳолатдаги баландлиги 3 840 мм. ни ташкил этади. Автомобилнинг қайрилиш диаметри 20,5 м ни ташкил этади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!