Ёш чегарачилар Чирчиқда беллашди

09:48, 10 май

5-7 май кунлари Чирчиқ шаҳрида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди. 

Мазкур тадбир  Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Маданият ва спорт ишлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Таъкидлаш жоизки, ушбу мусобақалар бўлажак чегарачиларни ҳарбий хизматга босқичма-босқич тайёрлаш, Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш учун масъулиятини кучайтириш, бу борадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида 2011 йилдан бери ўтказиб келинади. 

Бу йилги мусобақаларнинг ҳудудий босқичларида республикамиз чегараолди туманларида жойлашган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таълим олаётган 4 минг нафарга яқин ўқувчилар иштирок этди. Мамлакат босқичига йўлланма олган йигит-қизлар ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарлик, биринчи тиббий ёрдам, тарих, чет тиллар, “Ўзбекистон Республикасининг  “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги қонунни биласизми?” каби 20 га яқин йўналиш бўйича ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказишди.

Уч кун давом этган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, Сурхондарё вилоятининг “Сарҳад посбонлари” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. 2-ўрин Тошкент вилоятининг “Энергетик” жамоасига насиб этди. Фарғона вилоятининг “Қалқон” жамоаси  учинчи ўринни эгаллашди. Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотландилар.

“Ёш чегарачилар-2016” мусобақаларининг якуний босқичи кўргазмали чиқишлар ва машҳур санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!