Турмуш қурган аёл бахтсизлигининг 5 сабаби

12:47, 10 май

Машҳур стереотипларга кўра, оиладаги низолар тўйдан 3,5,7 йил ўтгандан кейин бошланади. Аммо психологларнинг фикрича, бунга йилларнинг эмас, аёлларнинг нотўғри фикрлари сабаб бўлиши мумкин экан. Марҳамат, “Lady.mail.ru” нашри сизларни бу фикрлар билан таништиради.

1-сабаб: “Турмушга чиқиш  — ҳаётдаги энг асосий мақсад” деган фикр

“Ҳар бир қиз албатта турмушга чиқиши лозим” деган фикр қизларнинг онгига муҳрланиб қолади ва бу фикр ҳаётдаги асосий мақсадга айланди. Паспортга босилган никоҳ штампи ҳар қандай муносабатлардан кўра муҳимроқ туюлади. Турмушга чиқмаган дугоналари улар учун “иккинчи навли” инсонларга айланади. “Тезроқ турмушга чимасам, мен ҳам уларга ўхшаб қоламан”, деб тезроқ турмушга чиқишга шошиладилар.

Агар асосий мақсад фақат турмушга чиқиш бўлса, тўйдан кейин у долзарблигини йўқотади, у билан бирга ҳаётнинг мазмуни ҳам йўқолади. Мана орзусига эришди, энди нима бўлади? “Рафиқа” бўлиш дегани нима экан? Нотаниш вазият аёлда норозилик ҳисларини уйғотади ва ўзини ноқулай сеза бошлайди. Бу эса биринчи галда муносабатларга путур етказади.

Нима қилиш керак: Қизиқишлар доирасини кенгайтириш лозим. Бутун диққат эътиборни қизиқарли, ёқимли, фойдали машғулотларга қаратиш лозим. Бу янги одатларни юзага келтиради, энди никоҳ ҳақида орзу қилмай, мавжуд воқеликдан қувониб яшашни, ҳар бир воқеа-ҳодисадан завқланишни юзага келтиради. Аввалига бу сизга қийинчилик туғдирса-да, кейинчалик соғлом турмуш тарзини шакллантиради. Шундан кейин илгариги ҳаётингиз билан ҳозиргисини солиштириб кўриш имконияти туғилади.

2-сабаб: “Ҳақиқий ҳаёт тўйдан кейин бошланади”, деган фикр

“Турмушга чиқиб олганимдан кейин ниҳоят ... деган орзуим амалга ошади” деб умид қилади қизгина. У рафиқаликни бирор мансабга менгзайди, паспортидаги штампни катта ҳаётга йўлланма деб ҳисоблайди. Энди у илгари амалга ошира олмаган орзуларини рўёбга чиқаришни истаб қолади. Масалан, “Ҳозир ҳайдовчилик гувоҳномаси шарт эмас, турмушга чиқсам, болаларимни метрода судраб юрмаслик учун ҳайдовчилик курсларига бориб ўқийман” ёки бўлмаса, “Турмушга чиқсам, албатта қимматбаҳо пўстин сотиб оламан, ҳозирча устимдаги пальтом ҳам бўлаверади”, деган тақиқларини амалга оширишга ҳаракат қилади. Шу пайтгача ота-онасининг, одамларнинг фикрига қулоқ солиб келгани учун энди ҳамма орзу-ниятларига етишишни истаб қолади. Агар бунга турмуш ўртоғи қаршилик қиладиган бўлса, ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўлади, унинг тақиқларига бўйсунишни истамайди..

Нима қилиш керак: Хоҳиш ва истакларингизга диққат билан ёндашинг. Турмушга чиқмасдан олдин орзуларингизга ким ёки нима қаршилик қилишини аниқлаб оланг. Турмушга чиққандан айнан қайси ниятингизни амалга оширишингизни ҳам яна бир карра ўйлаб кўринг. Балки, тўйдан олдин уларни амалга ошириш учун сизга ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги маълум бўлар.

3-сабаб: “Турмуш ўртоғим мени сўзсиз тушуниши лозим”, деган фикр

Баъзи бир аёллар “Мени турмуш ўртоғим сўсиз тушунади” деб мақтанишади. Улар учун никоҳ “фикрларни ўқиш” мусобақасига айланиб кетади. Уларнинг фикрича, севишиб турмуш қурилса, эр ва хотин бир-бирини сўзсиз тушунади, бахтли ҳаёт кечиришади.

Аслида эса муҳаббат етарли гаров эмас, зарурий эҳтиёждир. Чунки ҳис-туйғулар вафодорликка, рўзғор юкини бўлишишда, фарзандлар тарбиясида, келажак режаларини амалга оширишда кафолат бўлолмайди. Чунки буларнинг барини амалга ошириш учун эр ва хотин гаплашиши, суҳбалашиши лозим. Бундай ҳолларда баъзан фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун баланд овозда гапиришга тўғри келади. Бундай ҳолатда аёл  бақиришни ҳақорат деб тушуниши, “Эрга тегиб, бахтсиз бўлдим”, деб ўйлаши мумкин. Унинг хаёлида, ораларида муҳаббат қолмагандай, турмуш ўртоғи назар-писанд қилмагандай таассурот уйғонади. 

Нима қилиш керак: Жуфтингиз сизнинг фикрингизни сўзсиз тушунишини кутиб ўтирманг, унинг ҳис-туйғуларини англашга ҳаракат қилинг, қандай кайфиятда эканлигига эътибор беринг. Ўз хоҳиш ва истакларингиз ҳақида очиқ гапиришни, унинг истакларини ҳам эшитишни ўрганинг.

4-сабаб: “Эрим дунёнинг барча мусибатларидан халос этади” деган фикр

“Аёл турмушга чиқсагина, бахтли бўлади”, деб ўйлайди қиз. У никоҳни барча ёмонликлардан — ёлғизликдан, зерикишдан, қўрқувдан ва барча касалликлардан асровчи сеҳрли дори-дармонга қиёслайди. Бундай муносабатларнинг фожиали томони шундаки, йигит ҳам никоҳдан “даво” излайди. Оқибатда йигит ҳам, қиз ҳам бир-биридан кутган натижага эришмагач, ўзларини алданган ҳис қилиб, норози бўлишади. Аёл учун никоҳ биринчи ўринда антидепрессант вазифасини ўтайди. У тўйдан кейин ҳам муносабатлар илк танишган пайтлари кабидек бўлишни истайди. Муносабатларнинг бошқача тус олишини у руҳан қабул қилолмайди.

Нима қилиш керак: Энг аввало турмушга чиқишни даволовчи хусусият деб ўйлашингизни тан олинг. Бундай қопқонга ҳар қандай аёл тушиши мумкин, у эркак олдига керагидан ортиқ талаб қўяди. Бу нотўғри, барча муаммоларни турмушга чиқиш йўли билан ҳал этиб бўлмаслигини тушуниш лозим. Уларни ҳал этишнинг бошқа йўлларини қилириб кўриш керак бўлади. 

5-сабаб: “Никоҳ ҳаётимни тубдан ўзгартиради” деган нотўғри фикр

Баъзан қизлар “Турмушга чиқсам, бу гадой топмас жойлардан, катта шаҳарга кўчиб кетаман”, деб ўйлайди. Агар бу фикр амалга ошса хўп-хўп, аммо уни амалга оширишнинг имкони бўлмаса-чи? Шундан кейин аёлда жуфтига нисбатан нафрат ҳисси уйғонади. Масалан, тўйдан олдин йигит қизга оила қургач, чет элга кетишга ваъда берган, аммо кейинчалик ватанида унга яхши иш таклиф этишгани учун чет элга бориш фикридан воз кечган бўлса, рафиқаси кечирмайди. Аёл ўзини алданган деб ҳис қилади.

Нима қилиш керак: Муаммоларни мустақил ҳал қилишни ўрганиш лозим. Турмушга чиқаётганда йигит билан нафақат мақсадлар ўхшаш лозим бўлиши, балки умумий қизиқишлар ва урф-одатлар, қадриятлар ҳам муштарак бўлиши лозим.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!