Юзни тиниқлаштиришга хизмат қиладиган 6 машқ

15:40, 10 май

Бу оддий машқларни истаган вақтда, истаган жойда амалга ошириш мумкин, деб хабар беради “Мail.ru” нашри.

Бўшашинг

Кўзларингизни юминг, муштингизни қаттиқ тугмаган ҳолда юмуқ кўзларни айлана ҳаракатлар билан 2-3 дақиқа массаж қилинг. Бу машқ кўз атрофидаги мушакларни бўшаштириб, қон айланишини яхшилайди, натижада кўз атрофидаги қорамтир айланалар йўқолади.

Ҳайрон бўлинг

Кўзларингизни ҳайрон бўлгандек, катта очинг. Кейин кўзларингизни қаттиқ юминг. Сўнг яна кўзингизни катта очинг ва яна маҳкам юминг. Кўзларингиз намлангунча, тез-тез юмиб, очинг. Шу бўшашган ҳолатда 2-3 дақиқа туринг. Бу машқ юзнинг юқори қисми мушакларини машқ қилдириб, кўзнинг кўриш қобилиятини асрайди.

Лунжингизни шиширинг

Чуқур нафас олиб, бир неча лаҳзага лунжингизни шиширинг. Кейин лунжингиздан ҳавони чиқаринг. Бу машқни 8-10 марта бажаринг. Бу машқ ёноқлар мускулини мустаҳкамлайди. Бунга амин бўлиш учун саксофончиларнинг ёноғига эътибор беринг.

Лабингизни чўччайтиринг

Табассум қилинг, кейин лабингизни чўччайтиринг ва бу машқни 20-25 маротаба такрорланг. Бу машқ лаб атрофидаги мушакларни бўшаштириб, юзингизга нур ҳадя этади. Чин дилингиздан, юзингизга то самимий кулги ёйилгунча, табассум қилинг.  

Қулоғингизни тортинг

Қулоқ солинчагини 30 сония пастга, 30 сония юқорига тортинг, кейин эса уни соат стрелкаси йўналишида 30 сония, кейин тескари томонга 30 сония давомида айлантиринг. Бу машқ мияга қон келишини яхши таъминлаб, одамни тетиклаштиради.

Стрессдан халос бўлинг

Бармоқларингизни қошингиз устига қўйиб, иложи борича икки томонга тортинг. 3-4 дақиқа давомида шу машқни такрорланг. Бу машқ қаттиқ тушкунликка тушган маҳалингиз сизни стрессдан халос қилади, бўшаштиради.

Агар юқоридаги машқларни кун давомида мунтазам бажарадиган бўлсангиз, ўзингизни тетик ҳис қиласиз. Бирор тадбирга ёки суҳбатга боришдан илгари 15 дақиқа вақт топиб шу машқларни бажаришга ҳаракат қилинг. Шундан кейин юзингиздан нур, хотиржамлик барқ уриб, атрофингиздаги инсонларда илиқ таассурот уйғотасиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!