Алишер Файз нега Паризодага атаб қўшиқ айтишини ошкор қилди

16:58, 10 май

Бу хонанданинг ҳар бир қўшиғи орасидаги муддатни тўфондан олдинги тинчликка ўхшатаман. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файзнинг май ойида тақдим этадиган концерти олдидан ҳам шу жараён кузатилмоқда. Бу тинчликнинг замирида нималар ётганини билиш мақсадида журналист Садоқат Аллаберганова хонанда билан концерт олди суҳбат уюштирди…

— Деярли ҳеч бир ҳамкасбингизнинг концертини ўтказиб юбормайсиз. Бу концерт олди тайёргарликнинг бир қисмими?

— Аввало концертни ярмидан чиқиб кетишимга тўғри келишини олдиндан билсам, узр сўраб, ўша ҳамкасбимнинг дастурига бормайман. Концерт кўриш давомида эса дастурим учун ўйлаб юрган режаларим қай даража мос келиш-келмаслигини таҳлил қиламан.

— Устозингиз Озодбек Назарбековнинг концерт репетициясида ҳар куни иштирок этганингизни ва яккахон дастурингиз борасида фикрларингиз ўзгарганига гувох бўлгандим. Концертингиз одатда томошабинни ўйната, ўйлата, йиғлата олиши билан фарқ қилади. Назаримда, концертингиз “юк”ини оғирлаштирмоқчисиз?

— Устоз-шогирдни чинор билан теракка ўхшатса бўлади. “Терак бир куни чинор бўлишим керак”, дейди-да (самимий кулади). Шўх қўшиқлар эса менинг табиатимга хос.

— Концертингиз бошқаларникига ўхшаб қолмаслиги сизни ташвишга соладими?

— Ҳамма хонанда концертида Ватан, она, севги, дўст ҳақида куйлайди, бу — ўхшашлик. Лекин муҳими унга қандай ёндашув, қайси йўл билан етказишда.

— Концертингизда доимий ҳамкорларингизни ўзгартирмайсиз. Бу садоқатга нима сабаб? Одатда кўпчилик ижодкорлар турфа хилликка интилади...

— Ҳамкасбларим билан беллашишни ёқтирмайман ва ҳамкорларим ҳам бундай йўл тутишини истамайман! Одам ўзи билан ўзи беллашиб, енга олгани мақсадга мувофиқ. Бугунги ҳолати кечагисидан устун бўлишига интилсин. Шу жараён қизиқ ва завқли.

— Кўпчилик хонандалар концерт олди кетма-кет клиплар тақдим этиб, омма эътиборида бўлишга уринишади...

— Мен учун сон эмас, сифат муҳим. Бир йилда ўнта қўшиқ ёзиб, клип ишлаш ўрнига иккита қўшиқ тақдим қилай ва у яшасин.

— Аксарият хонандалар концерт репертуарини вақт “шамол”и тез синдирадиган озғин “терак”лар билан тўлдиришади. Тинмай қўшиқ тақдим қилишни истамайдиган Алишер Файз бу жараёнда қандай йўл тутади?

— Сўнгги вақтларда қўшиқнинг қадри ўйлантиряпти. Чунки ижодкор ҳар битта қўшиқнинг тақдирига жавобгар. Шундай экан, концертда куйланган қўшиқ ўша ерда қолиб кетишини истамайман.

— Раққоса Паризода билан жуда мос партнёрсиз. Лекин мухлисаларингиз сизни қизғанишади, рафиқангиз-чи?

— Оилада ижодимнинг бу жиҳатларини йўлга қўйиб олганман. Шахсан ўзимга Паризоданинг клипларда қаҳрамонининг феълини тўлақонли етказиб бера олиши ёқади. Мухлисаларнинг қизғаниши замиридаги уларнинг бефарқ эмаслиги ёқимли. Фақат улар эмас, яқинда бир таниқли раққоса “Нега клип ва концертингизда Паризодани олиб чиқаверасиз?” каби эътирозли фикрлар билдирди. Унинг куракда турмайдиган ҳамма гапларини айтолмайман... Аёл киши бўлгани учун жаҳлимни тийиб турдим. Лекин жавоб қайтаролмаганимнинг алами юрагимни қийнади. Ва бу йилги концертимда Паризодага атаб бир эмас, бир нечта қўшиқ куйладим. Ўша раққосани атай концертга таклиф қилдим, лекин қайси юз билан келади билмадим. Бу менимча эътирозга муносиб жавоб бўла олади!

— Паризодага атаб ҳар йили қўшиқ куйлашингизнинг бошқа сабаби ҳам борми?

— (Хандон отиб кулиб) бунинг сабабини концертимда қўшиқ орқали айтаман.

— Устоз санъаткорлардан бирига мухлисларнинг тинимсиз хонандага талпиниши ҳақида савол берилганида “Томошабиндан чарчаркансан-да” деганди, сиз-чи?

— Ҳамма ҳам одам, чарчашини тўғри тушуниш керак. Лекин мен томошабиндан чарчаганим йўқ. Чунки ҳамма ҳаракатларим шу мухлисларнинг юрагини забт этиш учун бўлган.

— 10 йилдан кейин ҳам шу жавобни берармикансиз?

— Энг асосийси, ўшанда ҳам шу жавобни беришни истайман!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!