IX Инновацион ғоялар ярмаркасида 650 та янги лойиҳа тақдим этилди

10:34, 12 май

Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бошланди. Жорий йилги ярмаркада тақдим этилган қарийб 650 та янги лойиҳанинг 70 дан ортиғи ёш олимлар ва талабаларга тегишлидир. 

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Фанлар академияси томонидан ташкил этилди. 

Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида намойиш этилаётган янгиликларнинг 130 таси саноат, 116 таси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги долзарб вазифаларни ҳал этишга қаратилган. 130 дан зиёд ишланма ва илғор технологиялар соғлиқни сақлаш ва фармацевтика учун мўлжалланган, 89 таси ахборот технологиялари, яна 34 таси илм-фан ва таълим соҳасидаги янги дастурий маҳсулотлардир. 

Таъкидлаш жоизки, ўтказилган саккизта инновацион ярмаркада умумий қиймати 112,6 миллиард сўмлик 3,1 мингдан ортиқ шартнома имзоланган эди. Мазкур шартномаларнинг амалга оширилиши натижасида 59 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, 55 турдаги тажриба намуналари тайёрланиб, 100 дан ортиқ ташкилот, корхона ва фермер хўжалигига илмий-техник ёрдам кўрсатилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!