Канн кинофестивали тарихидаги энг бежирим либослар(Фото)

10:59, 12 май

Канн кинофестивали нафақат кино байрами, балки модалар оламидаги жаҳоншумул воқеаларга сабаб бўлувчи байрам сифатида ҳам нишонланади. 11 май куни 69 чи маротаба бу фестиваль яна ўз ишини бошлайди. Ҳаяжонланган омма қаршисидаги қизил йўлакчадан уларнинг севимли актрисалари ва актёрлари турли ёрқин либосларда ўта бошлайди. “Еlle.ru” нашри фестивалда энг чиройли либоси билан мухлисларнинг ёдида қолган актрисаларни сизга таништиради.

Бриджит Бардо 1954

Канн кифестивалининг тимсоли унвонига албатта Бриджит Бардо лойиқ. Француз актрисаси илк маротаба 1953 йилда дебют ролини ижро этган. Режиссёр Роже Вадимга турмушга чиққанидан бир йил ўтиб, фестивалга ҳақиқий юлдуз сифатида ташриф буюрган. Актриса танлаган либос уни янада кўркамлаштириб, фестивалнинг ҳақиқий юлдузига айлантирган. 

Софи Лорен 1955

1955 йилда Канн кинофестивалида актриса Витторио Де Сиканинг “Неаполь олтини” фильмидаги роли билан қатнашган. Фильм фестивалнинг бирор мукофотига сазовор бўлмаган бўлса-да, гўзал Софи Лореннинг башанг либоси томошабинларнинг эътирофига сазовор бўлди ва ўз асрининг энг замонавий, чиройли либоси бўлиб тарихда қолди.

Элизабет Тейлор 1957

25 ёшли Элизабет Тейлорнинг 1957 йилда Канн кинофестивали қизил йўлакчасидан ўтиши унинг кинематография қироличаси унвонига даъвогарлик қилаётганидан дарак берди. Бўлажак Клеопатра учинчи эри, продюсер Майк Тодд совға қилган қимматбаҳо тожни бошига қадаган ҳолда пайдо бўлди.

Жейн Биркин 1974

Каннда фақат оқшом либослари эмас, коктейл кўйлаклар ҳам урфдалигини Жейн Биркин исботлаган. Хонанда, актриса ва Серж Генсбурнинг рафиқаси бўлган Жейн таққан акссесуарлар, сумка сифатида кўтариб олган саватча ҳам омманинг диққат-эътиборини тортган.

Мадонна 1991

Фестивалга ички кийимга ўхшаш либосда келган Мадоннани ўн бешта тансоқчи қўриқлаган. Жан-Поль-Готьенинг жанжалли ижод намунасини кўпчилик ўша пайтда тушунмаган эди.  

Софи Марсо 1992

Қизил йўлакчадан қизил кўйлак кийиб ўтишга ҳамма ҳам журъат этолмайди. Елкасига ташлаб олган нўхат нусха қора мато Софи Марсони жозибали Карменга айлантирган. 

Кейт Мосс1998

Кейт Мосс ва Жонни Депп жуфтлиги уларни кинофестивалнинг энг чиройли жуфтликларидан бирига айлантирди. Пат қадалган қора кўйлак 1998 йилнинг энг замонавий либосларидан бирига айланди. Мосс ўтган йили худди шунга ўхшаш либоснинг Topshop моделини яратди.

Айшвария Рай 2002

2002 йилда Айшвария Рай илк маротаба Канн фестивалида иштирок этди. У дебюти учун анъанавий ҳинд сарисини танлаб, адашмади. Сариқ рангли сари ва олтин тақинчоқлар ёрдамида у қизил йўлакчанинг юлдузига айланди. Келаси сафар Айшвария Рай Канн кинофестивалида ҳакамлар ҳайъати вакили сифатида қатнашди.

Бейонсе 2006

2006 йилда хонанда Бейонсе Каннда ўзининг актёрлик иши, “Орзудаги қизлар” фильмидаги роли билан қатнашди. У House of Dereon брендининг йирик гулли, онаси Тина томонидан айнан унга атаб тикилган кўйлагида ташриф буюрган.

Линда Евангелиста 2008

Линда Евангелистанинг Lanvin брендига тегишли бўлган ялтироқ кўйлаги кинофестивалга ташриф буюрган бошқа юлдузларнинг либосини ортда қолдирди.

Анжелина Жоли 2009

2009 йилда Канн кинофестивалида қатнашган Анжелина Жоли Versace брендига тегишли, новвотранг кўйлаги билан black tie оламига бу рангни қайтарди.

Кейт Бланшетт 2010

Кейт Бланшеттнинг қизил йўлакчада ҳар сафар тантанали равишда пайдо бўлиши, модалар оламида катта шов-шувларга сабаб бўлади. 2010 йилдаги Alexander McQueen брендига тегишли либос бу сафар ҳам оқшомнинг энг кўркам либосларидан бири сифатида тан олинди.

Фан Бинбин 2012

Christopher Bu брендига тегишли кўйлак Фан Бинбинни тирик аёл эмас, балки чинни ҳайкалчага ўхшатиб қўйди. Қўлда нақш солиб тикилган бу кўйлак уни Қадимги Хитой афсоналаридаги ҳурлиқолардан бирига айлантирди. 

Диана Крюгер 2012

2012 йилда Диана кинофестиваль ҳакамлар ҳайъатининг аъзоси бўлди. Cristian Dior брендига тегишли бу либосни мода танқидчилари кинофестиваль тарихидаги энг чиройли кўйлаклардан бири деб тан олди.

Блейк Лайвли 2014

Блейк Лайвлининг кинофестиваль қизил йўлакчасида пайдо бўлиши fashion қироличаси унвонига эга бўлишига сабаб бўлди. Gucci Premiere нинг оқ-қора либоси, Lorraine Schwartz тақинчоқлари омманинг диққат-эътиборини унга қаратди. Унинг ҳомиладорлигини энг қизиқувчан журналистлар ҳам сезмай қолишди. Блейк буни орадан бир неча ойлар ўтгандан кейин эълон қилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!