Ота-онаси туғилишини истамаган буюк ва машҳур инсонлар

11:49, 12 май

Минг афсуски, баъзи бир болалар ота-онасининг хоҳишига қарши дунёга келишади. Бу факт уларнинг тақдирига таъсир қилармикан? Саволга жавоб топиш учун баъзи бир буюк ва машҳур инсонларнинг таржимаи ҳолига назар солсак, улар тасодифан ёки кутилмаган ҳомиладорлик натижасида таваллуд топишганлигига амин бўламиз.

Психологларнинг таъкидлашича, туғилиши исталмаган бола, келажакда уларнинг мижозига айланиб, бундай одамларга ёлғизлик, ўзига ишонмаслик, хавотир хусусиятлари хос бўлади. Уларнинг ҳаммасига ҳам ота-онасига бекорга дунёга келмаганлигини исботлаш насиб этмайди ва тан олинмайди. “Мail.ru” нашри  сизни ота-онаси туғилишини истамаса-да, дунёга келиб, ўзларини жаҳонга тан олдирган буюк ва машҳур инсонлар билан таништиради.

Леонардо да Винчи

Буюк итальян рассоми, шунингдек, ҳайкалтарош, мусиқачи, олим, кашфиётчи, қисқаси даҳо Леонардо 1452 йилда Флоренциядан узоқ бўлмаган Винчи шаҳри яқинида (фамилияси шу сабабли Винчи) ёш нотариус Пьеро да Винчи ва ошхонада хизматкор бўлиб ишловчи, оддий деҳқон қизи Катериналар сабаб дунёга келган.

Ўғлининг камбағал оила қизи билан учрашиб юрганини билган буюк даҳонинг буваси Антонио да Винчи ўғли Пьерони тезда бадавлат оиланинг қизига уйлантириб қўяди. Леонардо уч ёшга тўлганда, уни Винчилар оиласи ўз қарамоғига олади. Бу ерда Леонардо отаси, ўгай онаси, буви ва буваси қўлида вояга етади. Эрта ўлиб кетган туққан онаси билан кам кўришган.

Леонардонинг отаси уч маротаба уйланади, унинг олдинги икки оиласидан фарзанди бўлмаганлиги туфайли у оиланинг эрка фарзандига айланади, яхши таълим-тарбия олади. Отаси Леонардонинг ўзи каби нотариус бўлишини истайди, аммо боланинг бу касбга қизиқиши йўқлигини кўриб, рассом ва ҳайкалтарош Андреа дель Верроккьога шогирдликка беради.

Верроккьонинг устахонасида Леонардо тенгдошлари билан биргаликда тасвирий санъат ва аниқ фанлар билан шуғуллана бошлайди. У тиришқоқлиги туфайли устозидан ўзиб кетади, умрини ёлғизликда ўтказади, бу ҳақда шундай деган: “Агар умрингни танҳоликда ўтказсанг, фақат ўзингга тегишли бўласан, мабодо ёнингда бирор киши бўладиган бўлса, ўзингга ярминг, балки ундан ҳам кам қисминг тегишли бўлади...”

Жек Лондон

Машҳур америкалик ёзувчи Жек Лондон 1876 йилда Сан-Франциско шаҳрида дунёга келган. Унга туғилганида Жон Чейни деган исм қўйишган. Отаси Уильям Чейни ўз даврининг машҳур мунажжими бўлиб, Жек туғилгунга қадар онаси билан ажрашиб кетган. У буюк ёзувчининг  туғилишига тиш-тирноғи билан қарши бўлган. Мусиқа ўқитувчиси бўлган онаси Флора Веллман унинг бундай талабидан кейин ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Аммо тирик қолиб, дунёга шундай буюк ёзувчини ҳадя этган. 

Флора болали бўлганидан кейин болани буткул энага Женни Прентиснинг қўлига топшириб қўйиб, ўзига умр йўлдош қидириш билан овора бўлган. Ёзувчи энагаси билан умрининг охиригача дўст бўлиб қолган. Кичкинтой саккиз ойлик бўлганда Флора кўп болали, фуқаролар уруши қатнашчиси, хотини вафот этган Жон Лондонга турмушга чиқади. Тўйдан кейин Флора ўғлини ўзи билан олиб кетади, бола ҳам ўгай отаси каби Жон Лондонга айланади. Саккиз ёшга кирган Жон исмини Жекка ўзгартиради ва ҳаммадан уни шу ном билан чақиришларини талаб қилади.

Флора ҳамон фарзандига кам эътибор берар, унинг дарди-фикри кўпроқ пул топиш, бойликка эга бўлиш билан банд эди. Лондонлар оиласи камбағал яшарди, энди оилада Жекдан кейин икки сингил ҳам дунёга келган эди. Мамлакатда иқтисодий инқироз ҳукм сурарди. Жек бола бўлишига қарамай, пул топиш мақсадида мактабни ташлайди. 11 ёшидан бошлаб, газета сотади, 13 ёшида эса ноқонуний равишда устрица овлаш билан шуғулланади. 15 ёшга тўлганида ўгай отаси поезд тагида қолиб, майиб-мажруҳга айланади. Энди барча рўзғор ташвиши Жекнинг бўйнига тушади. У ҳаммол, гўлах, консерва заводида ишчи, кемада матрос бўлиб хизмат қилади. Бундай қийин шароитда яшаган ўсмир Жек ёши катта хизматдошлари билан бирга ичишни ўрганади.

Ўгай бўлса ҳам Жек болалигидан отасини яхши кўриб, ҳурмат қилган бўлса-да, бир нафас бўлса-да, ўзининг ҳақиқий отасини кўриш фикри уни тарк этмаган. У отаси Уильям Чейнга хат ёзади, аммо отаси уни кўришни ҳам, эшитишни ҳам истамайди, фарзандини тан олмайди.

23 ёшдан бошлаб Жек адабиёт билан жиддий равишда шуғуллана бошлайди. Машҳур журналларда мақолалари чоп этилгач, Американинг энг қиммат ҳақ олувчи ёзувчисига айланади. Аммо дунёда буюк ёзувчи деб ном қозонган Жек Лондоннинг тақдири аянчли якун топган.

Мария Каллас

Буюк опера хонандаси, ноёб овоз соҳибаси Мария Каллас 1923 йилда Нью-Йоркда грек муҳожирлари оиласида дунёга келади. Уни Мария Анна София Кекилия Калогеропулу деб аташади, кейинчалик қисқартириб, Мария Калласс деб чақиришади. Қизча туғилишидан сал илгари уч ёшли акаси терлама касаллигидан вафот этади. Бу ғамдан эзилиб адо бўлган онаси яна ўғил туғишига умид қилади. Аммо Мария туғилгач, қиз туққанидан хафа бўлиб, тўрт кунгача уни қўлига олмайди, кўришни ҳам истамайди. 

Мария болалигиданоқ онаси уни ёқтирмаганлигини сезган. Йиллар ўтган сари онасига бўлган нафрати ошиб борган, чунки онаси катта қизи Жеккига яхши, Марияга эса ўгайдек муносабатда бўлган. Мариянинг хотирлашича, онаси Жеккини “чиройли, ақлли, хушмуомала” деб эркалаган бўлса, Марияни “бақалоқ, қўпол, шабкўр, одамови” деб атаган. Онасининг бу таърифларига Мариянинг ўзи ҳам ишониб қолган. 

Мария олти ёшга тўлганда, уни машина босиб кетади. У ўн икки кун мобайнида комада ётади, мўъжиза туфайли тирик қолади. Шундан кейин ҳам онасига бўлган муносабати ўзгармайди. Қизидаги ноёб истеъдодни сезган онаси жон-жаҳди билан унинг қобилиятини ривожлантиришга ҳаракат қилади.

Мария 14 ёшга етганда онаси отасидан ажрашиб, уни Грецияга олиб келади. Бу ерда Мария Афина консерваториясига ўқишга киради. У курсида энг ёш талаба бўлишига қарамай, ҳаммадан истеъдодли эди. Мария 16 ёшга тўлганида консерваторияда ўтказилган танловда ғолибликни қўлга киритади, 18 ёшда эса Афина опера театрида ишлай бошлайди. Бу пайтда унинг оғирлиги 80 килограмм эди. У қад-қоматини идеал даражага келтириш учун ўзини қийнаб бўлса-да, парҳез тутади ва гўзал хонимга айланади. Машҳурликка эришгач, онаси билан батамом алоқани узган. Унинг шахсий ҳаёти фожиаларга тўла бўлган.

Стив Жобс

Америкалик тадбиркор ва компьютерлар олами қироли Стивен Пол Жобс 1955 йилда АҚШнинг Калифорния штатидаги Сан-Франциско шаҳрида дунёга келади. Унинг ота-онаси талаба — отаси суриялик муҳожир Абдулфаттоҳ Жандали, онаси эса немис миллатига мансуб Жоан Шибле бўлган. Онасининг отаси қизининг суриялик муҳожирга турмушга чиқишига қатъий қаршилик кўрсатган, болани эса бефарзанд оилага фарзандликка бериб юборишга қарор қилган.

“Мени туққан онам коллеж битирувчилари ҳуқушунос ва унинг рафиқасига фарзандликка бермоқчи бўлган, аммо уларга қиз фарзанд кераклиги туфайли мени олишни исташмаган. Бир куни кечаси туққан онам менинг ҳозирги ота-онамга қўнғироқ қилиб, “Кутилмаган ўғил фарзандни дунёга келтирдим, балки сизга бола керакдир?” деб сўраган. Улар эса, “Албатта, керак!” деб жавоб беришган дея хотирлайди Стив тақдиридаги туб бурилиш онларини эслаб.

Болани Жобслар оиласи боқиб олади. Онаси Клара ҳисобчи, отаси Пол эса молия компаниясида автомеханик бўлиб ишлаган. Улар Стивни ўз фарзандларидек севишган, топиш-тутишлари яхши бўлмаса-да, унинг таълим-тарбияси билан жиддий равишда шуғулланишган, ҳеч нимадан кам қилмай ўстиришган. Стив вояга етгач, ҳеч қачон ота-онасини ўгай эмас, ҳақиқий ота-онам деб тан олганини такрорлашдан чарчамаган.

Отаси Стивнинг коллежда ўқиши учун эски машиналарни таъмирлаб, қўшимча равишда пул топган. Аммо уни тугатиш Стивга насиб этмаган. У ўқишни, ота-онасини ташлаб, ўзи қизиққан соҳа билан шуғуллана бошлаган. Келажакда шон-шуҳратга, бойликка эришган Стив шундай деган: “Мени боқиб олишганини билсам-да, ҳеч қачон ўзимни ташландиқ деб ҳис қилмаганман, ҳар доим Тангрининг суйган бандаси эканлигимга ишонганман, бу ишончимни ота-онам ҳам қўллаб-қувватлаган”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!